Расман: Диёр Имомхўжаев яна 4 йил муддатга ПФЛ раҳбари этиб сайланди

Расмий хабар: Диёр Имомхўжаев ПФЛ раҳбари лавозимига яна 4 йилга сайланди
Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) бош директори лавозимига кейинги тўрт йиллик муддатга қайта сайланди.
Аввалроқ, 17-август куни Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов томонидан имзоланган тақдимнома Лига Ижроия қўмитасига юборилгани ва унда Диёр Имомхўжаев бош директор лавозимига номзод сифатида кўрсатилгани маълум қилинган эди.
19-август куни Лига Ижроия қўмитасининг саккиз нафар аъзоси ушбу масалани муҳокама қилди. Йиғилишда барча аъзолар тўлиқ иштирок этди. Хусусан, Одил Аҳмедов, шунингдек, Куала-Лумпурдан Алишер Юсупов ва Андижондан Элбек Саматов масофадан туриб овоз беришди.
Йиғилиш якунида Ижроия қўмитанинг барча аъзолари бир овоздан Диёр Имомхўжаев номзодини навбатдаги ваколат муддати учун бош директор сифатида тасдиқлади. Шу тариқа, амалдаги раҳбар 2026-йилнинг 19-августидан бошлаб кейинги тўрт йил давомида ўз вазифасини бажаришда давом этади.
Маълумот ўрнида, Диёр Имомхўжаев 2020-йилдан буён ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритган, 2022-йилда эса Ассоциация президентининг тавсиясига кўра расман бош директор этиб тасдиқланган эди.

