Маҳаллий

Рашк туфайли қотилликка қўлга урган шахс 20 йилга қамалди

Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро Ў.Б. ҳамда Н.Ҳ. 2010-йилда турмуш қуришган. Улар бир неча фарзандни вояга

**Рашк оқибатида қотилликка қўл урган шахс 20 йилга озодликдан маҳрум этилди**

Баъзан оиладаги гумон биргина гапдан бошланади. Кейин у жанжалга, жанжал эса қайтариб бўлмас фожиага айланади. Қоракўл туманида юз берган ушбу воқеа ҳам рашк сабаб келиб чиққан.

Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро Ў.Б. ва Н.Ҳ. 2010-йилда турмуш қурган. Улар бир неча фарзандни вояга етказишган. Бироқ вақт ўтиши билан эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлаган.

Ў.Б. турмуш ўртоғининг бегона эркаклар билан гаплашиб юришидан шубҳаланган. Ана шу гумон ўзаро низоларга сабаб бўлган. У ҳатто хотинини хиёнатда айблаб, жорий йил бошида никоҳдан ажратиш юзасидан судга даъво аризаси ҳам берган. Суд уларга ярашиш учун олти ой муддат берган. Афсуски, суд белгилаган вақт муносабатларни тиклашга эмас, оғир жиноятга олиб келган.

### «Шунчаки қўрқитмоқчи эдим...»

Ярим тунда хотини билан гаплашиш ниятида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Ў.Б. қайнонасининг дарвозасини тақиллатиб келади. Дарвоза очиқ тургани ва ҳеч ким чиқмагани сабабли у тўғридан-тўғри уй ичига киради. Уйда аёли, қайнонаси ва яна бир нечта аёл қариндошлари суҳбатлашиб ўтиришган бўлган.

Маст ҳолатдаги эркакнинг кутилмаганда хонага кириб келиши аёлларни чўчитиб юборган. Ў.Б. телевизор олдида турган ошхона пичоғини олиб, хотини Н.H.ga ташланган. У унинг бўйин ва қўл соҳаларига пичоқ билан зарба берган. Қизини ҳимоя қилиш учун ўртага тушган қайнонаси Ш.E.ni ҳам пичоқлаган. Н.Ҳ. жароҳатланган ҳолда хонадан чиқиб қочишга улгурган.

— Мен шунчаки хотинимни қўрқитмоқчи эдим. Аммо пичоқнинг унга текканини тан оламан, ўлдириш ниятим йўқ эди. Қайнонамга пичоқ урганимни эслай олмайман, — деган у судда.

Қайнона оғир жароҳат билан ерга йиқилган. Шифокорлар етиб келгунига қадар беморнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

### «Онам мени ҳимоя қилмоқчи бўлди...»

Суд-тиббий экспертиза Ш.E.ning кўкрак қафасига санчиб кесилган, ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказилганини қайд этган. Жароҳат юрак ва ўпка соҳаларига зарар етказган.

— Турмуш ўртоғимнинг узоқ йиллар давомида доимий спиртли ичимликлар таъсирида юриши, йўқ жойдан рашк қилавериб, туҳматлар ёғдириши жонимдан ҳам ўтказиб юборган эди. Ҳамма воқеа бир пасда кўз олдимда содир бўлди. Онам мени ҳимоя қилиш учун ўртага тушди ва ўз ҳаёти билан видолашди, — дея кўз ёш тўкади Н.Ҳ. судда.

Воқеалар ривожига кўра, ўз уйида тўс-тўполон бўлганини эшитиб, аёллар хонасига югуриб келган Б.Ҳ. ва О.Т. фуқаро Ў.B.ni ушлаб, ташқарига олиб чиқишган. У кескин қаршилик кўрсатиб, дарвозадан қочиб чиқиб кетган.

— Мен айни ўша сонияларда довдираб қолган ва ҳаммаёқнинг қон билан беланганидан, ҳатто, эсанкираб қолгандим. Ваҳоланки, раҳматли аёлим Ш.Э. ўша чоғда жон талашаётган эди, — дейди Б.Ҳ.

Суд ҳужжатларига кўра, жиноят содир этган Ў.Б. қонга беланган ҳолда ва ялангоёқ кўйи қайнонаси ҳовлисидан чиқиб қочиб, ҳудуд профилактика инспектори қабулига борган. У хотини ҳамда қайнонасини ўлдириб қўйганини айтган. Ҳатто улар тирик қолган тақдирда, оиласининг бошқа аъзоларини ҳам ўлдириб қўйиши мумкинлигини билдирган.

Шундан сўнг фуқаро Ў.Б. ушланган.

### Қатъий хулоса

Ў.Б. судда ҳеч кимни ўлдириш нияти бўлмаганини, пичоқни қўрқитиш учун олганини билдирган. Бироқ суд унинг бу важларини жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд-тиббий, суд-биологик, криминалистик ва руҳий экспертиза хулосалари, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари ҳамда бошқа далиллар билан солиштирган.

Суд хулосасига кўра, унинг ҳаракатлари тасодифий эмас, қасддан содир этилган жиноий ҳаракатлар сифатида баҳоланган. Айниқса, Н.H.ga ҳужум қилганидан кейин уни ҳимоя қилиш учун ўртага тушган қайнонага ҳам зарба берилгани суд томонидан алоҳида эътиборга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиётига доир қарорида жабрланувчининг яқин кишилари кўз ўнгида одам ўлдириш, агар айбдор ўз ҳаракатлари билан уларга кучли изтироб етказаётганини англаган бўлса, ўта шафқацизлик ҳолати сифатида баҳоланиши қайд этилган.

Суд, шунингдек, фуқаролик бурчини бажараётган шахсни қасддан ўлдириш билан боғлиқ ҳолатларга доир қоидаларни ҳам инобатга олган.

### 20 йиллик ҳукм

Суд Ў.B.ni Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 2-қисми «ж» банди, 97-моддаси 2-қисми «г», «ж» ва «р» бандлари ҳамда 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топган. Жазоларни қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва бу жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.