Рашидов фаолиятига сиёсий чизгилар – Андропов Ўзбекистон раҳбарини нега ёқтирмаган?
1983-йил, октабр. Ўзбекистонда пахта йиғим-терими авжига чиққан. Москванинг режани бажариш ҳақидаги тайзиқларидан чарчаган Шароф Рашидов Қорқалпоғистонга отланади. Мақсад пахтакорларга далда бериш ва терим суратини ошириш эди. 31-октабр куни Ўзбекистон раҳбари Элликқалъа туманида юрганида юрак хуружи содир бўлади ва Рашидов вафот этади.

**Рашидов фаолиятига сиёсий чизгилар – Андропов Ўзбекистон раҳбарини нега ёқтирмаган?**
Совет даврида Ўзбекистонни бир нечта шахс бошқарган. Улар орасида Шароф Рашидов Ўзбекистон тарихида алоҳида ўрин тутади.
У республикани узоқ вақт — 24 йил бошқаради ва айнан Рашидов раҳбарлик қилган йилларда Ўзбекистон саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги сезиларли даражада ривожланади. Аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Шаҳар ва қишлоқлар обод бўлади.
Аммо 1980-йиллар бошига келиб «Қизил империя» Рашидовнинг хизматларини муносиб баҳолаш ўрнига уни йўқ қилишга киришади. Натижада у 66 ёшида вафот этади.
1917-йилда туғилган Шароф Рашидов ўрта мактабни тугатгач, аввал Жиззах педагогика техникумида, кейин СамДУнинг Филология факултетида ўқийди.
Ўқишни битиргач, вилоят газетасида масъул котиб ва бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. 1941-йилда урушга кетади ва яраланиб, 1942-йил ноябрда қайтиб келади. 1943-йилда вилоят газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди.
1944-йилда Рашидов Самарқанд вилояти раҳбари этиб тайинланади. 1947-йилда уни Тошкентга чақириб олишади ва «Қизил Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррирлигини топширишади. 1949-1950 йилларда Рашидов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари бўлиб ишлайди.
1950-йилда у Ўзбекистон олий совети президиуми раиси этиб тайинланади. Рашидов бу лавозимда 1959-йилгача фаолият юритади ва ўша йили Ўзбекистон раҳбари бўлади. У Ўзбекистонни 1983-йил 31-октабр, вафотигача бошқаради.
Шароф Рашидовнинг «Менинг нафратим» номли илк шеърий тўплами 1945-йилда чоп этилади. 1951-йилда «Ғолиблар» қиссаси нашр этилади. 1959-йилда «Бўрондан кучли», 1964-йилда эса «Буюк тўлқин» романлари китоб ҳолида чиқади.
Юқорида номлари келтирилган асарлар коммунистик мафкура асосида ёзилган бўлиб, уларда советлар олиб борган сиёсат бирёқлама, фақат мақтов билан тасвирланган эди. Зеро, ўша даврда совет сиёсатини мақтамасдан ёзишнинг иложи ҳам йўқ эди ва буни бошқа таниқли адиблар ижодида ҳам кўриш мумкин.
Адибнинг 1956-йилда нашр этилган «Кашмир қўшиғи» шеърий қиссасида ҳинд халқининг озодлик учун кураши тасвирланади. Шунингдек, унинг публицистик мақолалардан иборат китоблари ҳам чоп этилган.
Рашидов Ўзбекистон раҳбари бўлгач, ижод қилишга вақти бўлмайди. Бироқ китоблари қайта-қайта нашр этилади. У ўз даврида кўплаб адибларга ёрдам беради. Аммо асарларини ёки ўзини танқид қилган адибларни мутлақо кечирмайди. Бундай адибларнинг асарлари чоп этилмайди, ўзлари давлат мукофотларидан қуруқ қолади.
Масалан, атоқли адиблар Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Саида Зуннунова ва Саид Аҳмад каби ижодкорлар бадиий кенгаш йиғилишларида Рашидовнинг асарларини танқид қилганлари учун унинг қаҳрига учрашган.
Ғайбуллоҳ ас-Салом «Эй умри азиз» китобида шундай ёзади:
«Таниқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий билан Шароф Рашидовнинг муросаси келишмайди деб эшитиб юрар эдим. Кимдан ўтган, нимадан бошланган буёғидан хабарим йўқ. Шароф ака вафот этган куни Исмоилийга «эски қадрдонлар»дан бири қўнғироқ қилиб ўзича «суюнчи» олмоқчи бўлибди:
- Табриклайман, Мирза ака, мана рақибингиз Рашидов ўлибди. Энди хурсандмисиз?
Мирзакалон уни гапларини эшитиб титраб-қақшаб, тутақиб кетади.
- Эй бадбахт, эси паст одам. Бировнинг вафоти билан ҳам табриклайдими? Эссиз. Ким айтувди уни мени душманим деб! Ажали етганда ҳамма ўлади. Бандалик бу. Бундай пайтда хурсанд бўлмайдилар, таъзия билдирадилар. Ҳе сени қараю!»
Саид Аҳмад «Йўқотганларим ва топганларим» асарида Шароф Рашидовнинг қаҳрига қолган кунларини шундай эслайди:
«Шароф Рашидовни «Қудратли тўлқин» романини муҳокамада озгина танқид қилганимдан кейин Саида учун ҳам, мен учун ҳам ҳамма йўллар ёпилди. На матбуот, на босмахона, на радио, на телевидение, ҳаммаси биз учун бекилди».
Шундан сўнг эр-хотин Комил Яшиннинг ёрдами билан Рашидов ҳузурига киради. Ўзбекистон раҳбари уларга бироз аччиқ-пичинг гапларни айтади ва учрашув охирида яхши муомала қилиб кузатади. Бироқ барибир Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновага қўйилган «запрет» бекор қилинмайди.
«11 соат кутиб учрашганимиз, холоскоримиз деб ўйлаганимиз раҳбар олдидан қуп-қуруқ бўлиб чиқиб кетдик. Китобим ҳам чиқмади. Матбуот эшиклари Саида иккаламиз учун ҳам очилмади. Украинада қиссам чоп этилиб рўзғорни бир нави ўтказиб турдик. Бизга нега бунақа муносабат бўлаётганини Саида иккаламиз ҳам яхши билар эдик. Ҳаммаси, ўша «Қудратли тўлқин»ни танқид қилганимдан кейин бошланган эди»,
деб эслайди ўша кунларни Саид Аҳмад «Йўқотганларим ва топганларим» асарида.
Шароф Рашидов Ўзбекистон раҳбари бўлгач, кўп ўтмай КПСС марказий қўмитаси аъзолигига сайланади. Шундан сўнг ўша пайтда СССРни бошқариб турган Никита Хрущёв уни халқаро мулоқотларга торта бошлайди.
Жумладан, Рашидов 1962-йилда Куба инқирози давом этаётган паллада совет делегацияси раҳбари сифатида «Озодлик ороли»га боради ва Фидел Кастро билан муҳим музокаралар ўтказади.
Кейинроқ СССР раҳбарлигига Леонид Брежнев келгач, Рашидов КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, 1970-йилда эса СССР олий совети президиуми аъзоси бўлади.
Ўз даврида Рашидов бутун иттифоққа таниқли арбоб бўлган. Буни Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг «Эй умри азиз» китобида келтирилган қуйидаги жумлалар ҳам тасдиқлайди:
«1982-йилда Олмаота шаҳрида Қозоғистон Фанлар Академиясининг вице президенти академик Закий Аҳмад билан учрашиб суҳбатлашгандим.
У шундай фикрни билдирган эди:
- Биз қардош Ўзбекистонга доим ҳавасимиз келади ва тўғриси бироз рашк қиламиз,- деган эди у. - Чет эллардан, айниқса Ғарб давлатларидан бизга ташриф буюрган одамлар бу минтақада Ўзбекистондан бошқа жойни танимайдилар. Улар билан суҳбатимиз доим қизиқ кечади:
- Бу юрт Ўзбекистон эмас, Қозоғистон, уларга ҳижжалаб уқтирамиз.
- Ҳа, тушундим: Ўзбек, Ўзбек! Тошкент.
Йўқ, Қозоғистон. Пойтахтимиз ҳам Тошкент эмас, Олмаота. Қозоғистон-Олмата.
- Энди тушундим. Ўзбек-Тошкент-Рашидов.
Аҳмад Закий завқ билан кулади: «Э майли, шундай бўлақолсин: Ўзбек-Тошкент-Рашидов».»
### Рашидов давридаги Ўзбекистон
Шароф Рашидов даврида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва саноат кескин ривожланади. Биргина мисол, Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ўз даврида дунёдаги бешта энг йирик авиазаводдан бирига айланади.
Шунингдек, республикада Тошкент трактор заводи, Ташселмаш каби юзлаб йирик корхоналар ташкил этилади. Шаҳар ва қишлоқлар обод бўлади.
Ўнлаб ИЕС ҳамда ГЕСлар қурилади ва қишлоқлар тўлиқ электрлаштирилади. Инфратузилма яхшиланади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва кенгайтириш учун сув омборлари барпо этилади.
Минглаб километр темирйўллар ва ўн минглаб километр автомобил йўллари қурилади. 1966-йилги зилзиладан сўнг Тошкент бутунлай қайта тикланади. Пойтахтда метрополитен барпо этилади.
Ғайбуллоҳ ас-Салом «Эй умри азиз» китобида ўша кунларни шундай эслайди:
«Кунлардан бирида самарқандлик таниқли тилшунос олим, профессор Худойберди Дониёрий билан гурунглашиб қолдик. Домла билан учрашдик дегунча, орамизда баҳс қўзғаларди.
Ўша галги тортишув Тошкентда янги қурилган Ленин музейи ҳақида бўлди.
– Ўзбекистон пойтахтида саройдай Ленин музейининг бўлимини очишга бало борми! – деб ҳайрон бўлиб савол берар эдим мен. – Бу ёқда халқимиз қишлоқ жойларида тутдай тўкилаётган харобаларда ўтирса-ю, шаҳар марказида Ленинга деб мармардан муҳташам бино қурсак. Бу қандай мантиқ?
Худойберди домла, парвои фалак, Ленин музейи қурилгани учун Шароф Рашидовга роса мақтовлар ўқиди. Гўё Ленинга музей қурилиши тўғри иш бўлган эмиш. Унинг айтишича гўё: бу фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас, Ленинлар ҳам. Ёвуз қизил салтанат бир кун келиб албатта емирилади. Халқимиз кишанлардан озод бўлади. Республикамиз ёруғ, мустақил тараққиёт йўлига чиқиб олади.
Орадан йиллар ўтиб Худойберди домла ва Шароф ака орзу қилган кун келди. Мустақилликка эришдик. Аммо, минг афсуски улар Ленинни келганини кўришди-ю кетганини кўриш уларга насиб этмади».
Рашидов даврида вилоят ва туман марказларида аҳоли учун уй-жойлар қурилиб, ҳудудлар ободонлаштирилади. Унинг қарорлари билан янги музейлар, театрлар, истироҳат боғлари қурилади. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларнинг юбилейлари ўтказилади.
Совет мафкураси Амир Темурни қонхўр деб уқтириб турган ўша замонда 1969-йилда Самарқандда Темурийлар даври санъатига бағишланган халқаро симпозиум ўтказилади. Беруний, Ибн Сино, Хоразмий каби олимларнинг ҳаёти тадқиқ этилади.
### Олти миллион тонна пахта
Шароф Рашидов ўша замон тили билан айтганда «Компартиянинг садоқатли солдати» эди ва Ўзбекистон раҳбари сифатида Москвадан нима буйруқ берилса, ўшани бажаришга мажбур эди.
Бироқ бу Москвада ўтирган корчалонларни қониқтирмайди. Шу сабабли Рашидов олдига ҳосилни 5 млн тоннага етказиш талаби қўйилади.
Амаллаб бу режа бажарилади. Аммо Москвадагилар энди Рашидовдан пахта ҳосилини 6 млн тоннага етказишни талаб қила бошлайди. Амалда ўша пайтда Ўзбекистонда 6 млн тонна пахта етиштириш мутлақо имконсиз эди. Бироқ Рашидов Москванинг талабини рад эта олмасди. Бунинг устига бу талаб СССР раҳбари Леонид Брежневнинг оғзидан чиққан эди.
Пахтани 6 млн тоннага етказиш учун бу сафар катта кампания бошланади ва республика бўйлаб полиз ҳамда бошқа экинлар майдонлари кескин қисқартирилади, боғлар кесилади. Ҳаммаёққа пахта экилади. Ўшанда ҳам режани бажаришнинг иложи бўлмайди.
Охири Москвадаги мулозимларнинг ўзи ёрдамга келади. Улар: «Сиз бизга пулни юборинг, режа бажарилади», дейди. Охир-оқибат шундай йўл тутилади ва режа бажарилади. Бироқ бу ишнинг асорати Ўзбекистон учун оғир кечади.
Кимёвий дорилар кўп ишлатилгани сабабли ерлар чалажон ҳолатга тушади. Одамлар орасида «сариқ касали» номи билан машҳур гепатит А ва гепатит Б урчийди. Болалар ва ўқитувчилар пахта даласига ҳайдалганидан мактабларда дарслар қолиб кетади. Халқнинг турмуш тарзи пасаяди. Қисқаси, пахта етиштириш халқ учун офат ва кулфатга айланади.
1970-йилларнинг иккинчи ярмида СССР раҳбари Леонид Брежнев бўлса ҳам, амалда мамлакатни КГБ раҳбари Юрий Андропов бошқарарди. Ўша пайтда барча раҳбарлар у билан ҳисоблашиб муомала қилишга мажбур эди. Ҳатто Брежневнинг ўзи ҳам ундан қўрқиб яшаган, дейишади.
Андропов Рашидовни ёқтирмасди. Бунинг сабаби ҳақида тахминлар кўп. Улардан энг машҳури — Брежневнинг Шароф Рашидов билан анча илиқ муносабатда бўлгани Андроповга ёқмаганидир.
Шунингдек, яна бир тахминга кўра, Рашидов Афғонистонга қўшин киритишга қарши бўлади. Сиёсий бюрода шу масала муҳокама қилинганда Брежнев Афғон урушига қарши бўлаётганлар рўйхатида Рашидовни ҳам тилга олади.
Афғонистонга қўшин киритиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилган Андроповга Ўзбекистон раҳбарининг бу иши ёқмайди. Бироқ ўша пайтда у Брежневнинг паноҳида бўлган Рашидовга ҳеч нарса дея олмайди.
1982-йил кузида, Брежневнинг вафотидан сўнг мамлакат раҳбари бўлгач, Андропов Ўзбекистонда порахўрлик ҳамда қўшиб ёзиш авж олгани ва бунга чек қўйиш кераклиги ҳақида бот-бот гапира бошлайди. Ҳатто 1983-йил январда у Рашидовга ҳайфсан беради.
1983-йил апрелда КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси Ўзбекистондаги пахта етиштиришда содир этилган қўшиб ёзишларни тергов қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Ўша йил сентабрда СССР бош прокуратураси Телман Гдлян ва Николай Иванов бощилигидаги гуруҳни Ўзбекистонга юборади.
Андроповнинг мақсади Рашидовни қамоққа тиқиш эди. Бироқ у бунга улгурмайди: 1983-йил 31-октабр куни Рашидов юрак хуружи туфайли вафот этади. Шунга қарамай, Гдлян ва Иванов Ўзбекистонда тергов ишларини давом эттиради.
Гдлян ва Иванов бошлиқ «десантчилар»нинг Ўзбекистонни қандай «тафтиш» қилгани кўпчиликка аён. Улар ўзбекистонликларни ғайриинсоний усуллар билан қийноққа солади ва кўпчиликни қамоққа тиқади. Айримлар тергов жараёнида ўлдирилади ёки жонига қасд қилади.
Тўғри, Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистондаги ваҳшийликлари Андроповдан кейин СССРга раҳбарлик қилган Константин Черненко ва Михаил Горбачёв даврида ҳам давом этади. Аммо факт шуки, уларни Ўзбекистонга юбориш ва ўзбекистонликларни жазолаш айнан Андроповнинг хоҳиши эди.
Рашидов вафотидан сўнг кўп ўтмай унга қарши катта кампания бошланади. Марказда ва вилоятларда у билан дўстона алоқада бўлган одамлар ишдан ҳайдалади ёки лавозими пасайтирилади.
Москва телевидениеси ва марказий газеталарда, Ўзбекистон матбуотида Рашидовни қоралаш кучаяди. Тириклигида унга ялтоқланиб, мақтовлар айтганлар энди уни қоралай бошлайди.
Рашидов вафот этганда аввалига уни иззат-ҳурмат билан, келажакда улкан хотира мажмуаси барпо этиш мақсадида Тошкент шаҳри марказида, ҳозирги Мустақиллик майдонининг бир четига дафн этишади.
Рашидовни қоралаш кампанияси авжига чиққач, 1986-йилда унинг жасади биринчи дафн этилган жойдан чиқариб олинади ва Чиғатой қабристонига қайта дафн этилади.
Ғайбулла ас-Салом «Эзгуликга боғлан одамзод» китобида ўша даврларни эслаб шундай ёзади:
«Айтишларича Қозоғистон раҳбари Динмуҳаммад Қўнаев катта бир йиғинда йиғламсираб деган экан:
– Ҳой, ҳар қанча гапинг бўлса, – ҳозир, кўзим тириклигида айтиб қол. Ўлиб кетганимдан кейин, анови ўзбекка ўхшаб, гўримни ковлама, орқамдан ғишт қалаб юрма!».
Динмуҳаммад Қўнаев гўримни кавлама деб айтганда Рашидовнинг қайта дафн этилишини назарда тутган эди.
Совет даврида ўлимидан сўнг қаттиқ қораланган Рашидов Ўзбекистон мустақил бўлгач оқланади. Жойларга номи берилади, юбилейлари ўтказилади. Жиззахда уй-музейи очилади.
Рашидовнинг ўзбек халқи олдидаги хизматлари инобатга олиниб, ўлимидан сўнг 1994-йилда Навоий номидаги давлат мукофоти берилади.

