«Ракетада». Россиялик пропагандачи Зеленскийдан Москвага қачон боришини сўради
Украина президенти қисқача жавоб берди.

«Ракетада». Россиялик пропагандачи Зеленскийдан Москвага қачон боришини сўради
ВГТРК мухбири Валентин Богданов Ню-Ёркда бўлиб ўтаётган БМТ Бош ассамблеяси доирасида Украина президенти Володимир Зеленскийдан қачон Москвага ташриф буюришини сўради. Кремлдагилар Россия ва Украина президентлари учрашуви фақат Москвада ўтказилиши мумкинлигини айтиб келишади.
Богданов унга рус тилида бир неча бор шу сўзларни бақирди: «Владимир Александрович, Москвага қачон?»
Украина президенти аввалига унинг саволига эътибор бермади, бироқ охир-оқибат қисқача шундай жавоб берди: «Ракетада», эҳтимол, қўшимчасига сўкиниб ҳам юборган (видеода охирги сўзни англаб бўлмайди).
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков брифингда Украина раҳбарининг баёнотига қуйидагича муносабат билдирди: «Биринчидан, Зеленский Москвага келишдан бош тортмаган, ҳеч бўлмаганда мен бундай гапни эшитмадим. У ҳозир Ню-Ёркда БМТ Бош ассамблеяси доирасида кўплаб баёнотлар бермоқда. Ўт очишни тўхтатиш масаласига келсак, яна бир бор такрорлаймиз – биз вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш жараёни учун очиқмиз, аммо вақтинчалик сулҳга эмас, айнан тинчликка интилиш керак деб ҳисоблаймиз. Бизнинг бу позициямизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ».

