Маҳаллий

Радар жаримасидаги ҚР-коддан сув ҳисоблагич гувоҳномаси чиқди. Метрология институти изоҳ берди

Радар жаримасидаги ҚР-коддан сув ҳисоблагич гувоҳномаси чиқди: Метрология институти муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда тезликни ўлчаш воситасининг қиёслаш гувоҳномасини текшириш учун берилган ҚР-код орқали сув ҳисоблагичига оид гувоҳнома очилгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон миллий метрология институти изоҳ берди.

Видеода фуқаро соатига 70 километр тезлик белгиланган ҳудудда 83 километр тезликда ҳаракатлангани қайд этилган маъмурий жарима ҳақидаги қарор кўрсатилган. Қарорга илова қилинган тезликни ўлчаш воситасининг қиёслаш гувоҳномасини кўриш учун ҚР-код жойлаштирилган.

Видео муаллифи шу ҚР-кодни сканер қилганда Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан берилган, сув ҳисоблагичига тегишли қиёслаш гувоҳномаси очилганини кўрсатган.

Метрология институти вазиятни ўрганиб, бунга ахборот тизимидаги техник номувофиқлик сабаб бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2024-йил 5-июндаги 1076587-2024-сонли қиёслаш гувоҳномаси завод рақами 221110881 бўлган СПВ-4 Б 15-50 турдаги сув ҳисоблагичига расмийлаштирилган.

2025-йил 16-ноябрдаги 1471711-2025-сонли қиёслаш гувоҳномаси эса завод рақами 2211108 бўлган СКАТ-ПП турдаги ҳаракат тезлигини ўлчаш воситасига расмийлаштирилган.

Институтга кўра, икки қурилманинг завод рақамлари бир-бирига ўхшаш бўлгани сабабли масъул идора билан интеграция қилинган ахборот тизимида завод рақами бўйича қидирув амалга оширилганда маълумотларни акс эттиришда техник номувофиқлик юзага келган.

Яъни қидирув фақат завод рақами асосида амалга оширилганда, рақамлардаги ўхшашлик туфайли бошқа турдаги ўлчаш воситасига тегишли қиёслаш гувоҳномаси маълумотлари ҳам кўриниши мумкин.

Институт Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 20-сентябрдаги 516-сон қарорига мувофиқ, тегишли маълумотлар “Рақамли ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформасига жойлаштирилганини билдирди. Тегишли ташкилотларга ушбу маълумотлардан электрон шаклда фойдаланиш имконияти яратилган.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қиёслаш гувоҳномасини аниқ идентификация қилишда завод рақами билан бирга ўлчаш воситасининг модели, тури, ишлаб чиқарувчиси, қиёслаш гувоҳномаси рақами ва қўлланиш соҳаси каби маълумотларни ҳам ҳисобга олиш механизмини жорий этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон миллий метрология институти ва масъул идора бу борада тегишли чоралар кўраётгани айтилди. Институтга кўра, бу ахборот тизимида қиёслаш гувоҳномалари ҳақидаги маълумотларнинг тўғри ва аниқ акс эттирилиши ҳамда шундай техник номувофиқликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.