Қулупнай, сабзавот уруғчилиги ва инновациялар трансфери: Ўзбекистон ва Жанубий Корея аграр ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Қулпнай, сабзавот уруғчилиги ва инновациялар трансфери: Ўзбекистон ва Жанубий Корея аграр ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Корея Республикасида аграр ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва илғор технологияларни жорий этишга қаратилган қатор музокаралар ўтказди.
Ташриф давомида «Firmmit» компанияси президенти Сунки Пак ва «GW International» раҳбари Ким Сайон билан учрашувлар бўлиб ўтди.
«Firmmit» билан музокараларда томонлар Ўзбекистонда ички ва ташқи бозорлар учун қулпнай етиштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишга туширишни муҳокама қилдилар. Лойиҳа Жанубий Корея модели асосида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, замонавий агротехнологияларни жорий қилиш ва ўзбекистонлик агрономларнинг малакасини ошириш дастурларини назарда тутади.
«GW International» раҳбарияти билан эса ўзбек томони сабзавот уруғчилигини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти базасида ихтисослаштирилган R & D (тадқиқот ва ишланмалар) марказини очиш режалаштирилмоқда. Марказ майдонида инновациялар трансфери, мутахассисларни ўқитиш, шунингдек, сертификатланган уруғларни ишлаб чиқариш ва экспортга тайёрлаш йўлга қўйилади.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади — маҳаллий агросаноат мажмуининг рақобатбардошлигини ошириш учун Жанубий Корея тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштиришдир.

