Қудачилик ва совчилик
Трампнинг суюкли хотини ким бўлади? Болиб ўтган Самарқанддаги С+5 форуми фонидаги мулоҳазалар — Қозоғистондан нигоҳ

**Совчилик ва қиз кўриш**
АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ҳамда бу ерда 19-октябр куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати ТИВ раҳбарлари билан ўтказилган министрлик учрашуви Вашингтоннинг Марказий Осиёга жиддий ва узоқ муддатга қайтиш ниятида эканини кўрсатди. 2015-йилда Барак Обама администрацияси С5+1 форматини йўлга қўйганида, эътибор марказида «демократия қалъаси» учун одатий бўлган қадриятлар — инсон ҳуқуқлари, жинсий озчиликлар ҳимояси, сўз эркинлиги, сайловларнинг шаффофлиги, партиялараро рақобат ва ҳоказолар турган эди. Доналд Трамп жамоасининг устувор йўналишлари эса анча ҳаётийроқ: критик минераллар, энергетика, инвестициялар, транспорт коридорлари.
Давлат департаменти раҳбари 200 дан ортиқ бизнесменлар ҳамроҳлигида етиб келди ва бундай салмоқли бизнес-десантининг иштирокини римликларга хос тўғрилик билан тушунтирди: «Бизнинг мақсадимиз – америкалик бизнес ва савдо учун эшиклар очилаётган дунёнинг исталган нуқтасида биз ҳам бор бўлишимизни, жойида бўлишимизни ва ҳамкорликка тайёр туришимизни таъминлашдир. Вазиятга қараладиган бўлса, Марказий Осиёнинг – барча беш мамлакатнинг муҳимлиги аллақачон ҳамманинг кўзига аён». Мистер Рубио ушбу сўзлари билан Қозоғистоннинг биринчи президентини ва унинг хрестоматик «аввал иқтисодиёт, кейин сиёсат» деган иборасини ёдга солди.
**Тошкент яхши, лекин Астана ҳам қолишмайди!**
Самарқанд нафақат С5+1 учрашуви майдончаси, балки алоҳида Америка-Ўзбекистон бизнес мулоқоти ўтказилган жой ҳам бўлиб чиқди. Рубио ташрифи арафасида президент Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор (у Тошкентда туғилган Сергей Гороховский) билан учрашиб, музокараларга тайёргарлик ва инвестиция ташаббусларини муҳокама қилди. Самарқандга мистер Гор Америка-Ўзбекистон бизнес кенгашининг ҳамраиси мақомида келди.
Америка томони Тошкент билан муносабатларни чуқурлаштиришга тайёрлигини ҳар томонлама кўрсатди. Эълон қилинган ҳамкорлик йўналишлари орасида — критик минераллар, технологик лойиҳалар ва бизнес алоқаларини кенгайтириш бор. Ўзбекистон, шунингдек, коинотни тадқиқ қилишда халқаро ҳамкорликка оид Артемида келишувларига қўшилди — жами 12 миллиард долларлик битимлар имзоланди.
Буларнинг барчаси Вашингтон Ўзбекистоннинг сиёсий мақомини астойдил ошираётгандек таассурот уйғотади. Аммо бу америкаликлар Астана ўрнига Тошкентни «севимли хотин» қилишга қарор қилганини англатадими?
Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам бир қатор афзалликларга эга. Бу йирик ички бозор, жиддий демографик салоҳият ва Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган йўллар кесишмасидаги қулай жойлашувдир. Тошкент АҚШ, Хитой, Россия, Туркия ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиб, изчил кўпвекторли ташқи сиёсат олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон саноат базасини кенгайтиришга, хорижий капитални жалб қилишга ва минтақавий иқтисодиётдаги ўз ролини кучайтиришга интилмоқда. Вашингтон учун бу ташқи алоқаларни диверсификация қилишдан манфаатдор бўлган мамлакатда ўз позицияларини мустаҳкамлаш имкониятидир.
Лекин Қозоғистоннинг ҳам қўлида ўз кўзир қарталари бор, жумладан, дунё уран бозоридаги муҳим ўрни, нефт ва бошқа фойдали қазилмаларнинг салмоқли захиралари, шунингдек, Транскаспий йўналишидаги ҳал қилувчи роли. Қозоғистон ҳудуди ва инфратузилмаси Хитой, Каспий ва Европа бозорлари ўртасидаги қуруқликдаги алоқаларнинг энг муҳим бўғинини таъминлайди.
Бошқа томондан, Вашингтон учун фақат битта мамлакатни танлаш мутлақо шарт эмас. Аксинча, ҳар хил функсияларга эга иккита таянч таъсир нуқтасига эга бўлиш фойдалироқ. Қозоғистон энергетика, хомашё қазиб олиш ва транзит инфратузилмасини ривожлантиришда энг муҳим ҳамкор бўлиши мумкин. Ўзбекистон эса — йирик бозорга киришни таъминлаши, саноат кооперациясини ривожлантириши ва Марказий Осиёнинг жанубий йўналиш билан алоқаларини мустаҳкамлаши мумкин.
Бундай ёндашув АҚШга ҳамкорлардан Москва ёки Пекин билан муносабатларни «кескин тўхтатишни» талаб қилмаган ҳолда, минтақадаги иштирокини кенгайтириш имконини беради.
Шу билан бирга, Астана ва Тошкент ўртасидаги потенциал рақобат мутлақо ҳақиқатга яқиндир. Ҳар иккала мамлакат ҳам Америка инвестициялари, технологиялари, бозорларга чиқиш ва Вашингтоннинг сиёсий эътиборидан манфаатдор. Агар улардан бири дипломатик алоқаларни янги корхоналар, инфратузилма лойиҳалари ва узоқ муддатли молиявий мажбуриятларга тезроқ айлантира олса, у қўшимча афзалликларга эга бўлади. Ҳозирча эса аниқ устунлик Қозоғистон томонида. Американинг Осиёда етакчилик ташаббуслари маркази (САЛИ) ҳисоботига кўра, 2025-йилда минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 19 фоизи — 51 миллиард доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келган. Давлат департаментининг 2020-йилдаги камтарона расмий маълумотларига кўра, 1990-йиллар бошидан буён Америка инвестициялари Ҳукумат томонидан кўрсатилган тахминан 9,2 миллиард долларлик молиявий қўллаб-қувватлашни ҳисобга олмаганда, 31 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, 2024-йилда Америка инвестицияларининг 99 фоизи Қозоғистонга, асосан нефт қазиб олишга йўналтирилди. Чеврон ва ЭххонМобил Қозоғистон нефтининг учдан бир қисмигача қазиб олмоқда, бу эса «КазМунайГаз» давлат компанияси қазиб олиш ҳажми билан тенгдир.
**Олтилик қачон тузга айланиши мумкин**
Экспертлар муҳокама қилаётган яна бир масала — С5+1 форматини Озарбайжон ҳисобига кенгайтириш имкониятидир. Бундай ҳолда, Марказий Осиёнинг бешта давлати, Озарбайжон ва АҚШни бирҳтирадиган С6+1 формати пайдо бўлган бўларди. Америка ташқи сиёсат кенгашининг катта илмий ходими ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ институти дастурлари директори Лаура Линдерман Рубионинг С5+1 учрашивидаги иштироки аллақачон ижобий воқеа эканини таъкидлади. Ва қўшимча қилди: «Тадбиркорлик (Самарқанддаги саммит-Э.) агар АҚШ форматни С6+1 гача кенгайтириб, унга Озарбайжонни киритганида, янада муваффақиятли бўлар эди».
Бу ғоянинг иқтисодий мантиқи кўриниб турибди. Озарбайжон — Каспийнинг ғарбий соҳилидаги энг муҳим транспорт тугунидир. Униг ҳудуди орқали Марказий Осиёни Грузия, Туркия ва ундан кейин Европа билан боғлайдиган йўналишлар ўтади. Қозоғистон ва Озарбайжон портлари, темир йўл инфратузилмаси ҳамда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ягона логистика тизимининг унсурларини ташкил этади. Вашингтон учун бу Евросиё етказиб бериш занжирларини диверсификация қилиш ва Россия орқали ўтадиган йўналишларга қарамликни камайтиришга интилиш фонида айниқса долзарбдир.
Озарбайжоннинг С5+1 га киритилиши нафақат критик минералларни қазиб олиш ва энергетика лойиҳаларини, балки уларни ғарб бозорларига етказиб беришнинг бутун йўлини ягона форматда муҳокама қилиш ва мувофиқлаштириш имконини берган бўларди. Бошқача айтганда, гап алоҳида давлатлар билан ҳамкорлик қилишдан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни қамраб олувчи янада яхлит стратегияга ўтиш ҳақида борган бўларди.
Хўш, америкаликлар нега Озарбайжон ташқи сиёсат идораси раҳбари Джейхун Байрамовни Самарқандга таклиф қилишмади?
Биринчи эҳтимолий тушунтириш — институционал инерсиядир. С5+1 2015-йилдан бери мавжуд ва ўз тарихига, механизмларига ҳамда кун тартибига эга. Рубионинг учрашуви амалдаги формат ишини давом эттирди. Униг кенгайтирилиши алоҳида сиёсий қарорни ва иштирокчилар билан янги ёндашувни келишиб олишни талаб қилган бўларди.
Иккинчи тушунтириш — дипломатик йўналишларнинг бўлинганлигидир. Вашингтон Марказий Осиё муаммоларини С5+1 доирасида муҳокама қилишни, Жанубий Кавказ масалаларини эса Озарбайжон ва Арманистон билан алоҳида ҳамкорлик механизмлари орқали ҳал қилишни афзал кўраётган бўлиши мумкин. Трамп администрацияси ҳозирча ўз сиёсий харитасида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг якуний ўрнини аниқлаб олмаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. С6+1 учун геоиқтисодий омиллар аллақачон мавжуд, аммо уларни ҳали барқарор дипломатик механизмга айлантириш керак.
Ушбу контекстда АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Самарқанд музокараларини тайёрлашда қатнашган Серджио Горнинг роли алоҳида қизиқиш уйғотади. Униг келиб чиқиши Ўзбекистоннинг Америка дипломатик кун тартибида шунчалик кўзга кўринган ўринни эгаллашига, Қозоғистонни иккинчи режанг суриб, Озарбайжонни эса умуман сиқиб чиқаришига таъсир қилган бўлиши мумкинми?
Назарий жиҳатдан шахсий алоқалар, минтақани билиш ва маҳаллий раҳбарлар билан ишончли муносабатлар дипломатия натижаларига таъсир қилиши мумкин. Аммо Тошкентда туғилганлик фактининг ўзи мистер Гор Ўзбекистон манфаатларини Қозоғистон ёки Озарбайжон ҳисобига илгари сураётганини исботламайди. Қолаверса, Гор Марказий Осиё ва Ғарб ўртасида Жанубий Кавказ орқали транспорт алоқаларини ривожлантиришни очиқчасига қўллаб-қувватлаган.
**Вашингтоннинг фаоллашуви Астанага қандай таъсир қилади?**
Қозоғистон учун Америка иштирокининг кучайиши янги имкониятларни очади, аммо бир вақтнинг ўзида қўшимча хатарларни ҳам юзага келтиради.
Асосий афзаллик — биз севган кўпвекторли сиёсат учун майдоннинг кенгайишидир. Қозоғистон Россия ва Хитой билан ҳамкорлик муқобилсиз қарамликка айланиб қолмаслигидан манфаатдор. Америка инвестициялари, технологиялари ва узоқ муддатли шартномалари саноат, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар беришга қодир. Критик минералларни қайта ишлаш айниқса муҳим йўналишга айланиши мумкин. Агар Қозоғистон нафақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор бўлган компанияларни, балки қайта ишловчи корхоналар ташкил этишга ва технологияларни топширишга тайёр бўлган инвесторларни жалб қила олса, АҚШ билан ҳамкорлик янада узоқ муддатли иқтисодий самара келтириши мумкин.
Иккинчи афзаллик — ТМХТЙни ривожлантиришдир. АҚШнинг уни молиялаштириш ва инфратузилмасини ривожлантиришда янада фаол иштирок этиши Қозоғистоннинг Шарқий Осиёни Кавказ ва Европа билан боғлайдиган транзит мамлакат сифатидаги позициясини мустаҳкамлаган бўларди.
Учинчи афзаллик — Астананинг музокаралар имкониятларининг кучайишидир. Ташқи ҳамкорлар Қозоғистон ресурслари, инфратузилмаси ва бозорига қанчалик кўп эътибор қараца, мамлакатда ҳамкорлик шартларини танлаш имконияти шунчалик кўп бўлади.
Лекин хатарлар ҳам йўқ эмас. Биринчиси мавжуд транспорт ва энергетика йўналишларига қарамликнинг сақланиб қолиши билан боғлиқ. Америка эътибори Россиянинг географик яқинлигини, унинг ҳудуди орқали ўтадиган экспорт йўналишларига амалдаги муқобилсиз қарамликни ёки АҚШнинг ашаддий дўсти бўлмиш Хитойнинг МОдаги иқтисодий ва геосиёсий ролини мутлақо бекор қилмайди.
Иккинчи хатар — Ўзбекистон билан рақобатдир. Агар Тошкент Америка капиталини тезроқ жалб қилиб, сиёсий эътиборни янги ишлаб чиқаришлар ва инфратузилма лойиҳаларига айлантира олса, афзалликларнинг бир қисми унга ўтиб кетиши мумкин. Қозоғистон учун бу инвестиция муҳити, хомашёни қайта ишлаш ва технологияларни ривожлантириш устида янада фаолроқ ишлаш зарурлигини англатади.
Учинчи хатар — эълон қилинган битимлар миқёси ва уларнинг амалдаги ижроси ўртасидаги тафовутдир. Имзоланган меморандумлар, инвестиция мажбуриятлари ва ниятлар ҳақидаги баёнотлар киритиб бўлинган маблағларга тенг эмас. Қозоғистон учун ҳамкорликни қайси лойиҳалар ҳақиқатан ҳам ишга туширилаётгани, қанча иш ўринлари яратилаётгани ва иқтисодиётга қандай ҳисса қўшаётгани билан баҳолаш муҳимдир.
Ниҳоят, Америка иштирокининг кучайиши Қозоғистоннинг ташқи сиёсий балансини мураккаблаштириши мумкин. Астана бир нечта йирик давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олишига ва улар ўртасидаги рақобат ўз лойиҳаларини ривожлантиришга халақит беришига йўл қўймаслигига тўғри келади.
**П.С. ўрнига**
Самарқанд учрашуви шуни кўрсатдики, биринчидан, Марказий Осиё кўп йиллик периферияда бўлганидан кейин яна АҚШ учун алоҳида эътибор зонасига айланмоқда — Астана ва Тошкентга кучайтирилган «урғу» берилмоқда.
Иккинчидан, агар Вашингтон барибир Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни ўзининг иқтисодий ва геосиёсий манфаатларини илгари суриш учун ягона кўп томонлама платформага бирҳтиришга қарор қилса, бу Марко Рубио ва унинг Оқ уйдаги хўжайинининг минтақанинг АҚШ учун муҳимлиги ҳақидаги энг баландпарвоз баёнотларидан кўра стратегик ўзгаришларнинг янада салмоқли сигнали бўлади.
Ва, учинчидан, Астана учун бу айнан зудлик билан, мабодо бирор нарса бўлгудек бўлса, ўз стулини қайси катта геосиёсий креслога яқинроқ суриб қўйиш кераклигини босиқлик билан баҳолаши лозим бўлган ҳолатдир.

