Қозоғистоннинг “Orda.kz” нашри ўз фаолиятини тўхтатди

Қозоғистоннинг “Orda.kz” нашри 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Таҳририятнинг расмий баёнотига кўра, асосий ахборот ресурси билан бирга, унга тегишли барча ижтимоий тармоқ саҳифалари, жумладан, ЁуТубе канали ҳам ёпилади. Бу қарор “Ordamedia.kz” МЧЖ таъсисчиси Максат Ганиев томонидан қабул қилинган.
Баёнотда айтилишича, ушбу қарор ортида ҳеч қандай яширин сабаб йўқ, балки таҳририятнинг даромади харажатларини қоплашга етарли эмаслиги асосий омил бўлган. Бошқа сабаблар мавжуд эмаслиги таъкидланган. Таҳририят ўз зиммасидаги барча мажбуриятларни тўлиқ бажариш учун бор имкониятини ишга солишини маълум қилди.
Шу билан бирга, таҳририят Қозоғистон ва хорижий ОАВдаги ҳамкасбларидан фақат расмий баёнотларига таянишни сўраб қолди.
Август ойи охирида Олмаота суди “Orda.kz” нашрининг собиқ бош муҳаррири Гулнара Бажкеновани 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. У Қозоғистон Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланган: била туриб ёлғон ахборот тарқатиш (274-модда), ўзлаштириш ёки ишониб топширилган бегона мулкни растрата қилиш (189-модда) ҳамда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (214-модда).
**“Орда” билан боғлиқ ҳолат**
2025-йил 4-сентябрда “Orda.kz” ўз манбаларига таяниб, ўша пайтдаги Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Қозоғистон ТИВ ва расмий идоралар бу маълумотни дарҳол рад этган. Дастлаб “Орда” ва Гулнара Бажкенова ўз маълумотлари тўғрилигини таъкидлаган бўлса-да, бир неча кундан сўнг Нуртлеу омма олдида кўриниб, ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни “ёлғон ва абсурд” деб атади.
Ушбу хабарлардан уч ҳафта ўтиб, 26-сентябр куни Нуртлеу ҳақиқатан ҳам ТИВ раҳбари лавозимидан кетди. Бироқ у қамоққа олинмади, балки Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев уни халқаро инвестиция ва савдо ҳамкорлиги бўйича президент ёрдамчиси этиб тайинлади.
Шу сабабли ўша пайтда Бажкенова ва “Орда” атрофида катта можаро юзага келди. Олмаота прокуратураси ҳам Нуртлеу ҳақидаги хабардан кейин Бажкеновани жиноий жавобгарлик эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган эди.
Лекин Олмаота суди ҳукмида Бажкеновага била туриб ёлғон ахборот тарқатиш бўйича 8 та эпизод айбловлари қўйилган. Очиқ суд материалларида 274-модда бўйича жабрланувчилар орасида “ҚазМунайГаз”, “Қозоғистон Темир Жўли”, Олмаота прокурори ўринбосари ва бошқа шахс ҳамда ташкилотлар тилга олинади. Нуртлеу ушбу саккиз эпизод рўйхатида кўрсатилмаган.

