Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга олиб келинди

Қозоғистонда автоҳалокатда вафот этган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.
Қизилўрда вилоятида 22-август куни Шимкент—Самара автомобил йўлининг Ақсай ҳудудидан ўтган қисмида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Ушбу ҳодиса натижасида уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ЙТҲ ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ва юк машинаси билан тўқнашуви оқибатида содир бўлган бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанига қайтариш учун барча зарур чораларни кўрди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг, уч нафар фуқаронинг жасади уларнинг доимий яшаш жойи – Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига етказилди.

