Бошқа

Қозоғистондаги музликда 19 йил аввал йўқолган сайёҳнинг жасади топилди

Қозоғистонда 19 йил муқаддам ғойиб бўлган сайёҳнинг жасади топилди. Бу ҳақда марҳумнинг қизи Неля Михеева маълум қилди.

Қолдиқлар Северсов музлигидан топилган. Марҳумнинг қизи эълон қилинган фотосуратларда отасига тегишли рюкзакни таниб олган. Кейинчалик терговчи рюкзак ичидан йўқолган эркак номига берилган гувоҳнома топилганини тасдиқлаган.

Беларуслик сайёҳлар икки ҳафталик саёҳат давомида қолдиқлар ва уларга ёнма-ён ётган буюмларни аниқлаган. Улар фавқулодда хизматларга жой координаталари, шунингдек, топилманинг фотосуратлари ва видеоларини тақдим этган. Шундан сўнг музликка қутқарувчилар юборилган. Михееванинг сўзларига кўра, оила қарийб 20 йил давомида отасининг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган.

“Бугун мен учун қувончли кун, гарчи бу қувонч осон кечмаётган бўлса-да. 19 йилдан кейин дадамнинг жасади топилди. Северсов музлиги эрий бошлади ва беларуслик сайёҳлар отамнинг жасад қолдиқлари ҳамда рюкзагини топди. Уларга бефарқ ўтиб кетмаганликлари учун раҳмат”, деган у мурожаатида.

Топилган рюкзакнинг суратини Михеевага дугонаси юборган. Марҳумнинг қизи отасининг тоғга чиқишда олиб юрадиган эски совет рюкзагини дарҳол таниган.

“Эрталаб дугонам менга рюкзак сурати акс этган пост юборди ва “Сизникига жуда ўхшаркан” деб ёзди. Қарасам, бу ҳақиқатан ҳам отамнинг рюкзаги. Бу эски совет рюкзаги. 2007-йилда яна кимдир худди шундай рюкзак билан тоғга чиқиши эҳтимоли менга жуда кичик туюлди. Кейинчалик худди шу постни турмуш ўртоғим ҳам юбориб, “Қара, менимча, бу бизники”, деб айтди”, дейди Михеева.

Марҳумнинг қизи шундан сўнг фавқулодда хизматлар билан боғланган. Михеевага жасад қолдиқларини эвакуация қилиш билан шуғулланган қутқарувчилар ва терговчининг контакти берилган. Михеева отасининг ҳужжатлари ва унинг рюкзак билан тушган суратларини терговчига юборган.

“Терговчи биздан мавжуд барча ҳужжатлар ва фотосуратларни юборишни сўради. Мен дадамнинг тоғда шу рюкзак билан тушган суратларини ҳам юбордим. Бироз вақтдан сўнг терговчи “Рюкзак ичида отангизнинг номига берилган гувоҳнома топилди”, деб қўнғироқ қилди”, дея эслади марҳуманинг қизи.

Кейинчалик Михееванинг опаси терговчилар билан учрашган. У отасининг буюмлари ва жасад қолдиқларини таниган.

Аввалроқ Швейсарияда 34 йил аввал йўқолган икки алпинист жасади аниқланган эди. Трифт музлиги эриши туфайли алпинистлар жасади юзага чиққан. Улар йўқолган вақтда 39 ва 41 ёшда бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.