Қозоғистон ёмғир чақириш учун булутларга туз сепмоқда, Қирғизистон хавотирда

Қозоғистон жазирама ва қурғоқчилик шароитида ёмғир ёғдириш мақсадида булутларга туз сепиш технологиясини қўллашни бошлади. Бу ҳақда Агенсе Франсе Прессе хабар берди.
Бирлашган Араб Амирликлари метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Марказий Осиёда биринчи шундай тажриба ҳисобланади. БАА метеорология маркази учувчиси Аҳмад Алжабери сўзларига кўра, "самолёт булутларни экиш учун махсус факел тизими билан жиҳозланган".
Самолёт қанотларига ўрнатилган патронлар таркибидаги махсус модда ҳавога пуркалганда, булут томчиларига ёпишиб, уларни ёмғир бўлиб ёғадиган даражада оғирлаштиради. Ушбу технология пахта етиштиришда етакчи бўлган жанубий Туркистон вилоятида қўлланмоқда.
Вилоятда умумий майдони қарийб 9 110 квадрат километр бўлган экин майдонлари нишонга олинган. Ҳосилдорликнинг ошиши ҳисобига йилига тахминан 75 миллион доллар иқтисодий фойда кутилмоқда. Қуриб қолган экинларга ёмғир томчиларини етказиш учун мос булутларни аниқлаш ва пухта тайёргарлик кўриш зарур.
"Самолёт иложи борича булутга яқинроқ келиши, юқорига эсувчи шамолларни аниқлаши ва экишни бошлаши керак", деди Алжабери АФП агентлигига.
Турли илмий тадқиқотларга кўра, бу усул энг яхши ҳолатда ёғингарчиликни 15–20 фоизга ошириши мумкин. Аммо муваффақияцизлик эҳтимоли ҳам юқори, сабаби ҳар қандай булутни ҳам экиб бўлмайди.
БАА расмийларидан Аднан Ярмуҳаммаднинг таъкидлашича, "булутларни экишда кўпинча туз заррачалари, хусусан, натрий хлорид ва калий хлорид ишлатилади". Ёмғир чақириш техникаси ҳар хил бўлиб, бунда заррачалар патронлар ёрдамида ёки тузли эритмани пуркаш орқали ҳавога чиқарилади.
"Бу бир неча микрометрдан бир неча миллиметргача, яъни икки-уч миллиметргача катталикдаги томчиларни ҳосил қилади. Ёмғир ёғади", деб тушунтирди Ярмуҳаммад. У мазкур техника янги булутларни ҳосил қилмаслигини айтди.
Қирғизистон эса ёмғир олиб келувчи булутлар Қозоғистонга йўналтирилиб, мамлакатдаги қурғоқчиликни янада кучайтириши эҳтимолидан хавотирда. Қозоғистон метеорология хизмати лойиҳанинг таъсири маҳаллий ва қисқа муддатли эканини таъкидлаб, бу иқлим жараёнларига таъсир қилмаслиги ва ҳаво массаларининг ҳаракатини ўзгартирмаслигини маълум қилган.
АФП жамоаси иштирок этган парвоз вақтида эса бирорта ҳам булут аниқланмаган. Булутларни экиш орқали ёғингарчиликни кўпайтиришнинг таъсири ноаниқлигича қолмоқда. Унинг оқибатларини ўлчаш қийин ва кенг миқёсда қўллаш қимматга тушади.
Жаҳон метеорология ташкилоти қурғоқчиликнинг тез-тез такрорланиши туфайли унга бўлган талаб ошганини билдириб, кўпроқ илмий тадқиқотлар ўтказишга чақирган. БМТ эса инсон саломатлиги ёки атроф-муҳит учун хавф мавжудлигини истисно этган. Шунингдек, техника муваффақиятли қўлланса, потенсиал иқтисодий фойда келтириши мумкинлигини таъкидлаган.
Қурғоқчилик, дўл ва ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун 50 га яқин мамлакатда аллақачон бу усул қўлланмоқда. Бироқ у Марказий Осиё учун янгилик ҳисобланади.
"Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистонда аср охирига келиб ўртача йиллик ҳарорат олти даражадан кўпроққа кўтарилиши мумкин", дея огоҳлантирди Жаҳон банки.
Ўзбекистон ҳам бу усулга қизиқиш билдирган ва ўзининг булутли экиш лойиҳасини синаб кўрмоқчи.
"2025-йилда Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида саккиз ой давомида ёмғир ёғмади ва намлик жуда паст бўлди. Сув танқислиги муаммоси ҳар томонлама ҳал қилиниши керак, қўшимча чора-тадбирлар тўплами зарур", деди вилоят қишлоқ хўжалиги бўйича вакили Казбек Бедебаев АФП агентлигига.

