Дунё

Қозоғистон пойтахтида тротуарларда электр самокат ҳайдаш тақиқланади

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 25-августдан бошлаб тротуарлар ва пиёдалар йўлакларида электр самокатлардан фойдаланиш бутунлай тақиқланади. Бу ҳақда Тенгриневс шаҳар ҳокимлигига таяниб хабар берди.

Янги қоидаларга кўра, электр самокат ҳайдовчилари эндиликда фақат велосипед йўлакларида ҳаракатланишлари шарт. Агар велосипед йўлаклари мавжуд бўлмаса, улар йўлнинг қатнов қисмининг ўнг чеккаси ёки йўл четида ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

Қатнов қисмига чиқиш учун қатъий талаблар сақланиб қолади: самокат ҳайдовчиси 18 ёшдан катта бўлиши ва ҳар қандай тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши керак. Электр самокат эса ҳимоя шлеми ва қоронғи вақтда ёруғлик қайтарувчи элементлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Остона прокуратураси ходимларининг таъкидлашича, электр самокат фойдаланувчилари томонидан энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар орасида ҳайдовчилик гувоҳномасисиз йўлнинг қатнов қисмига чиқиш ва тезликни ошириш кабилар бор. Чорраҳалардан ўтишда талабларга риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам тез-тез учрайди. Пойтахт полицияси хабарига кўра, самокатда йўловчиларни ташиш алоҳида хавф туғдиради.

Самокат ижараси операторлари ҳам назоратни кучайтирмоқда. 1-июлдан бошлаб хизматдан фақат ЖШШИР орқали рўйхатдан ўтган шахслар фойдаланиши мумкин. 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг хизматдан фойдаланишига рухсат берилмайди. Вояга етмаганларга самокатини берган ота-оналарнинг аккаунтлари блокланади. Йўловчиларни ташиш ҳам тақиқланади; электр самокатда биттадан ортиқ одам бўлмаслиги керак.

Самокатни тротуар ўртасида, пиёдалар ўтиш жойида, қатнов қисмида ёки велойўлакда қолдириш ҳам ман этилади. Қоидаларга амал қилмаганларга жарима солинади ва фойдаланувчининг профили блокланади.

rental servicestraffic rulesfinesastanaelectric scooterspedestrian safetyage restrictionskazakhstan