Қозоғистон Испаниядан иккита ҳарбий самолёт харид қилди
Аирбус А400М ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учун мўлжалланган. Ҳозирда 10 та давлат қуролли кучлари сафида шундай самолёт хизмат қилмоқда.

Қозоғистон Испаниядан иккита ҳарбий самолёт сотиб олди
Қозоғистон Испаниядан иккита Аирбус А400М Атлас ҳарбий-транспорт самолётини харид қилди. Биринчиси 2024-йил охирида, иккинчиси эса 2026-йил ноябр ойида мамлакатга етказилди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
А400М нафақат мудофаа вазифаларида, балки фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, аҳолини эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам етказишда ҳам қўлланиши мумкин.
“У қозоғистонлик ҳарбий хизматчиларнинг халқаро тинчликпарвар миссияларда иштирокини таъминлайди. Ушбу тоифадаги самолётларнинг мавжудлиги миллий тинчликпарвар контингентни мустақил равишда ташиш имкониятларини кенгайтиради”, дейилади вазирлик хабарида.
Янги самолётларни Испаниянинг Севиля шаҳридаги Аирбус марказида махсус тайёргарликдан ўтган қозоғистонлик экипажлар бошқаради. Уларга муҳандис-техник ходимлар ҳам хизмат кўрсатади. Аирбус А400М ҳарбий-транспорт самолёти жами ўнта давлат: Қозоғистон, Туркия, Германия, Малайзия, Индонезия, Франсия, Буюк Британия, Испания, Белгия ва Люксембургда мавжуд.
“У оғир техникани узоқ масофаларга ташиш имкониятини қисқа тупроқли йўлакларга қўниш қобилияти билан уйғунлаштириб, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини кенгайтиради”, дея қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги.
Маълумот учун, Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари сентябр ойида Бразилиянинг Эмбраер компаниясига тегишли С-390 Милленниум кўп мақсадли ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилганди. Шу тариқа мамлакат С-390 Милленниум самолётининг Марказий Осиёдаги биринчи операторига айланган. Самолётларни етказиб бериш бўйича шартнома 2024-йил охирида имзоланган бўлиб, у мутахассисларни тайёрлаш ва техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.

