Дунё

Қозоғистон 25 йилдан кейин “қариялар” мамлакатига айланиши мумкин

Қозоғистон 25 йилдан сўнг "қариялар" мамлакатига айланиши мумкин, чунки туғилиш даражаси пасайиб, умр кўриш давомийлиги ошмоқда. Бу эса меҳнатга лаёқатли аҳоли ва кекса ёшдагилар ўртасидаги мутаносибликни ўзгартирмоқда. Бу маълумот Қозоғистон пенсия фондининг таҳлилида келтирилган.

2026-йил 1-январ ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 20,5 миллион кишини ташкил этган. Улардан 8,79 миллиони 25 ёшгача бўлганлар, 9,73 миллиони 25–65 ёшдагилар ва 1,98 миллиони 65 ёшдан ошганлардир.

Прогнозларга кўра, 2050-йилга бориб Қозоғистон аҳолиси 26,5 миллион кишига етади. Шу даврда 60 ёшдан ошганларнинг улуши 18,8 фоизга ўсиши кутилмоқда, яъни тахминан ҳар олтинчи қозоғистонлик кекса ёшда бўлади.

**Туғилиш кўрсаткичи пасаймоқда**

Пандемия давридаги пасайишдан сўнг, умр кўриш давомийлиги 2021-йилдаги 70,23 ёшдан 2025-йилда 75,97 ёшгача ошди. Аёлларда бу кўрсаткич 79,8 ёшни, эркакларда эса 72,91 ёшни ташкил этди.

Шу билан бирга, туғилиш даражаси пасаймоқда. Умумий коеффициент 2021-йилдаги 3,32 дан 2025-йилда 2,57 гача тушди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 2050-йилга бориб бу кўрсаткич ҳар бир аёлга 2,39 нафаргача тушишини прогноз қилмоқда.

"Туғилишнинг пасайиши умумжаҳон тенденсия ҳисобланади. Умр кўриш давомийлигининг ошиши меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли улушининг қисқаришига олиб келади, натижада иқтисодий фаол аҳолига демографик юк ортади", дейилади хабарда.

**Миграция ўсиши ва меҳнат кучи қисқариши**

Сўнгги йилларда Қозоғистонга кўчиб келаётганлар сони ортган. Масалан, 2025-йилда 23,8 минг киши кўчиб келган бўлса, 7,6 минг киши мамлакатдан чиқиб кетган. Бироқ БМТ баҳосига кўра, 2050-йилга бориб Қозоғистонда миграция салдоси нол кўрсаткичга яқинлашади.

Ишлайдиганлар ва нафақахўрлар нисбати ҳам ўзгариб боради. 2025-йилда ҳар бир нафақахўрга 4,95 нафар ишлайдиган одам тўғри келган бўлса, 2050-йилга келиб бу кўрсаткич 3,42 гача пасаяди. Бундай демографик ўзгаришлар пенсия тизимига тушадиган молиявий юкламани кескин оширади.

Аввалроқ БМТ ўз прогнозларида ХХИ аср охирига келиб Қозоғистон ва Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқида туғилиш даражаси ўлим кўрсаткичидан юқори бўлиб қоладиган ягона давлатлар бўлишини хабар қилганди. ЁИИнинг бошқа мамлакатларида аҳолининг табиий камайиши аллақачон бошланган ёки яқин ўн йилликларда кутилмоқда.