Қозоғистоннинг “Орда” нашри собиқ бош муҳаррири 8 йил қамоққа ҳукм қилинди

Қозоғистоннинг “Орда” нашрининг собиқ бош муҳаррири Гулнара Бажкенова Олмаота суди томонидан 8 йилга озодликдан маҳрум этилди, бироқ жазонинг ижроси икки йилга кечиктирилди. Бу ҳақда Тенгриневс хабар берди.
Бажкеновага Қозоғистон Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган: била туриб ёлғон ахборот тарқатиш (274-модда), ўзлаштириш ёки ишониб топширилган бегона мулкни растрата қилиш (189-модда) ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (214-модда).
Олмаота шаҳар судининг ҳукмига кўра, 2024-йил ноябридан 2025-йил декабригача бўлган даврда Бажкенова МЧЖ раҳбари сифатида хизмат мавқеидан фойдаланиб, компания ҳисоб рақамларидан 88 миллион 144 минг 127 тенге маблағни ўзлаштирган. Бу пуллар гўёки реклама, профессионал ва илмий хизматлар учун тўлов сифатида унинг назоратидаги якка тартибдаги тадбиркор ҳисобига ўтказилган. Шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобидан унинг ўғлининг хусусий халқаро мактабдаги таълими ҳам тўланган.
Тергов материалларига кўра, Бажкенова якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ҳолда Олмаотада квартираларни сотиб олиш ва сотиш орқали 121,2 миллион тенге (264,8 минг АҚШ доллари) даромад олган. Ушбу даромаддан тегишли солиқлар тўланмаган.
Суд ахборот тарқатиш билан боғлиқ эпизодларни ҳам кўриб чиқди. Ҳукмда қайд этилишича, 2024–2025-йиллар давомида Бажкенова ахборот-таҳлилий портал бош муҳаррири сифатида олдиндан тил бириктирган бир гуруҳ шахслар билан бирга интернет ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали била туриб ёлғон ахборотни жами 8 та эпизод бўйича тарқатган. Натижада фуқаролар, ташкилотлар ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилган.
Суд ҳукми билан Бажкенова айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга, шунингдек, 5 йил давомида ОАВ, журналистика, блогерлик, оммавий тадбирлар ва бошқа жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш, ОАВ билан боғлиқ ташкилотларда раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш тақиқланди.
Жазонинг ижроси маҳкуманинг 14 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги сабабли икки йилга кечиктирилди. Бундан ташқари, суд моддий зарарни қоплаш учун 95,9 миллион тенге (207 минг доллар) ундиришга қарор қилди. Шунингдек, 2,8 миллион тенге давлат божи ва жабрланувчи томоннинг юридик ёрдам ҳамда процессуал харажатлари учун 6,8 миллион тенге (13,6 минг доллар) ундирилиши белгиланди.
Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган.
**Гулнара Бажкенова қандай қилиб жиноят иши фигурантига айланди?**
2025-йил 1-декабр куни Олмаотада Бажкенованинг хонадони ва “Orda.kz” таҳририятида тинтувлар ўтказилган. Ўшанда шаҳар полицияси тергов ҳаракатлари олиб борилганини тасдиқлаган. Олмаота полиция департаменти маълумотига кўра, судгача тергов фуқароларнинг била туриб ёлғон маълумотларни бир неча бор ва қасддан тарқатиш ҳолатлари юзасидан берган аризалари асосида бошланган. Тергов ҳаракатлари вақтида Бажкеновадан электрон қурилмалар ва турли материаллар олиб қўйилган. Полиция бу буюмлар материалларни тайёрлаш ва эълон қилиш ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, уларнинг келиб чиқишини текшириш учун зарур эканини билдирган.
**Гулнара Бажкенова ким?**
Гулнара Бажкенова — қозоғистонлик журналист ва медиаменежер, “Orda.kz” интернет-нашрининг асосчиси ва собиқ бош муҳаррири. У Қозоқ миллий университетининг филология факултетини тамомлаган ва талабалик давридаёқ журналистика билан шуғуллана бошлаган. Турли йилларда Бажкенова Қозоғистон ОАВ ва медиа лойиҳаларида фаолият юритган, жумладан, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаган.
**“Orda.kz” ва Қозоғистон ташқи ишлар вазири**
2025-йил 4-сентябрда “Orda.kz” ўз манбаларига таяниб, ўша пайтдаги Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ҳибсга олингани ҳақида ёзганди. Қозоғистон ТИВ ва расмий идоралар буни дарҳол рад этган. “Орда” ва Гулнара Бажкенова эса дастлаб ўз маълумотлари тўғрилигини таъкидлади. Орадан бир неча кун ўтиб, Нуртлеу омма олдида кўриниб, ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни “ёлғон ва абсурд” деб атади.
Ушбу хабарлардан уч ҳафта ўтиб, 26-сентябр куни Нуртлеу ҳақиқатан ҳам ТИВ раҳбари лавозимидан кетди. Лекин у қамоққа олинмади: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев уни халқаро инвестиция ва савдо ҳамкорлиги бўйича президент ёрдамчиси этиб тайинлади. Шу сабабли ўша пайтда Бажкенова ва “Орда” атрофида катта можаро юзага келди. Олмаота прокуратураси ҳам Нуртлеу ҳақидаги хабардан кейин Бажкеновани жиноий жавобгарлик эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.
Лекин Олмаота суди ҳукмида Бажкеновага била туриб ёлғон ахборот тарқатиш бўйича 8 та эпизод айбловлари қўйилган. Очиқ суд материалларида 274-модда бўйича жабрланувчилар орасида “ҚазМунайГаз”, “Қозоғистон Темир Жўли”, Олмаота прокурори ўринбосари ва бошқа шахс ҳамда ташкилотлар тилга олинади. Нуртлеу ушбу саккиз эпизод рўйхатида кўрсатилмаган.

