Қўшни давлатдан олиб келинган наркотикни Хоразмда сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Тошкент-Хоразм йўналишида кетаётган йўловчи ёнидан ҳам гашиш моддаси топилди.

Қўшни давлатдан олиб келинган наркотикни Хоразмда сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ учта ҳолат аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар ҳамда Божхона бошқармалари ҳамкорлигида Тупроққалъа туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Сурхондарё – Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган Ангор туманида истиқомат қилувчи, 1960-й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун икки маротаба судланган шахсга тегишли селлофан пакетда 490 гр «опий» моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, у қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик воситасини Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.
Яна бир ҳолатда «Тошкент – Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Оникс» русумли автомашина йўловчиси бўлган — Урганч шаҳрида яшовчи, 1968-й.т. шахснинг ёнидан 119 гр «гашиш» моддаси олинди.
ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Сирдарё – Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди.
Текширув давомида автомашина ҳайдовчиси бўлган — Жиззах шаҳрида яшовчи, 1974-й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тадбир иштирокчиларида шубҳа уйғотди ва унинг ёнлари белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, унинг оёқ кийими ичига 16 гр «опий» моддаси яширилгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

