Қорақалпоғистонда 741 млн сўмлик газ баллонлари талон-торож қилинди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида 741 миллион сўмлик газ баллонлари ўзлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департаментнинг Кегейли тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда "Кегейлитумангаз" таъминоти бўлимининг моддий жавобгар шахслари 781 дона суюлтирилган газ баллонини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлди. Баллонларнинг умумий қиймати 741 миллион сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида аҳолига газ баллонларини етказиб беришда муаммолар кузатилаётгани ва Энергетика вазирлиги бу мурожаатлар юзасидан текширув ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.

