Қонунни бузган ИИО ходимлари нега омма олдида узр сўрамайди? ИИВ изоҳи
9 ойда ИИО ходимлари фаолиятига оид тармоқларда тарқалган 18 та ҳолат ўз тасдиғи топган. ИИВ раҳбарияти иштирокидаги тадбирда қонунни бузган ходимлар нега омма олдида узр сўрамаслиги бўйича савол берилди. ъОммавий равишда узр сўраш жазо турига киритилмаганъ, — деди вазирлик вакили.

Қонунни бузган ИИО ходимлари нега омма олдида узр сўрамайди? ИИВнинг изоҳи
2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида қидирувдаги қарийб 8 минг нафар шахс қўлга олинди, бедарак йўқолган 4863 киши эса оилаларига қайтарилди. Бу ҳақда 9-октабр куни Контент тайёрлаш марказида ИИВ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.
Рамазон Ашраповнинг айтишича, ҳисобот даврида айрим турдаги жиноятлар камайган. Яъни январ-сентабр ойларида олдини олиш мумкин бўлган 24 828 та жиноят қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4021 тага кам.
Хусусан, ёшлар иштирокидаги жиноятлар 24 фоизга, аёллар жинояти 20,7 фоизга, ишсиз фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар 21,1 фоизга камайган. Вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар 5,5 фоизга, маст ҳолда содир этилган жиноятлар 5,4 фоизга, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 8 фоизга қисқарган.
“Тўққиз ойда мамлакатимиз ҳудудида ходимларнинг ташаббуси билан 31 917 та жиноят аниқланиб, мазкур амалиёт 31,2 фоизга яхшиланди”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ 13 293 та жиноят аниқланган. Ноқонуний муомаладан 3 тонна 357 килограмм гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган, гиёҳвандлик воситалари етиштирилаётган 17 120 квадрат метр майдондаги ўсимликлар йўқ қилинган. Шунингдек, назорат остидаги 2 миллион 773 минг дона дори воситасининг аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.
Тезкор тадбирлар давомида наркотик моддалар ишлаб чиқарувчи 19 та ноқонуний лаборатория аниқланган. Бундан ташқари, 122 та уюшган наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 5264 та жиноят қайд этилган. Шундан 2585 таси қўшмачилик, 165 таси одам савдоси, 1450 таси ноқонуний қурол билан боғлиқ. Маъмурий назорат қоидаларини бузишга оид 790 та ҳолат ҳам аниқланган.
Коррупсияга қарши курашиш доирасида 6293 та жиноят фош этилган. Уларнинг 1441 таси пора олиш ёки бериш, 2166 таси талон-торож қилиш ва ўзлаштириш, 387 таси ноқонуний валюта операциялари, 1603 таси фирибгарлик билан боғлиқ.
“Тезкор хизматларимиз томонидан аввал содир этилиб, фош қилинмаган 20 мингдан ортиқ жиноят фош этилди”, — деди Ашрапов.
Унинг маълум қилишича, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қарийб 8 минг нафар қидирувдаги шахс ушланган. Турли сабабларга кўра бедарак йўқолган 4863 нафар шахс оилаларига қайтарилган. Ҳисобот даврида терроризм ва экстремизм билан боғлиқ 1404 та жиноят аниқланиб, қонуний чоралар кўрилган.
Мансур Қодировнинг айтишича, жорий йилда “Иккинчи имконият” лойиҳаси доирасида жазо муддатини ўтаётган 350 нафар маҳкум замонавий касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитилмоқда.
“Тарбия колониясидаги 17 нафар тарбияланувчи масофавий таълим асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Улар турли ОТМларда белгиланган тартибда таҳсил олмоқда”, — деди Қодиров.
Раҳимжон Наимовнинг айтишича, ҳозирда кўпроқ оилавий-маиший низолар ва майда безорилик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кузатилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, оиладаги келишмовчиликлар, эр-хотин ўртасидаги ишончсизлик ва шубҳалар низоларга сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун профилактика инспекторлари оилалардаги вазиятни ўрганиб, эр-хотин, қайнона-келин ва яқин қариндошлар ўртасидаги муаммоларни барвақт аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
“Тўққиз ойда аёлларга 200 мингга яқин ҳимоя ордери берганмиз”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, жамоат жойларидаги келишмовчиликлар ҳам баъзан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга олиб келмоқда. Масалан, йўлда бошқа ҳайдовчига йўл бермаслик ортидан ҳақорат ва жанжал келиб чиқиши мумкин.
“Кўчада бировга нисбатан ҳурмацизлик қилиш, йўл бермаслик оқибатида машинадан тушиб, бошқа фуқарони ҳақорат қилиш ҳолатлари жиноятгача олиб боряпти”, — деди у.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун патрул-пост хизмати ходимлари аҳоли гавжум жойларда патрулликни кучайтирган. Профилактика инспекторлари бозорлар, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Матбуот анжуманида журналистлардан бири қоидабузар фуқароларнинг омма олдида узр сўраши акс этган видеолар тарқатилиши, бироқ қонунни бузган ИИВ ходимларига нисбатан кўрилган чоралар очиқланмаслиги юзасидан изоҳ сўради. Хусусан, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда ҳайдовчиларни асоссиз жазолашда айбланаётган ЙҲХХ ходимларига нисбатан қандай чоралар кўрилиши ҳақида савол берилди.
Сахипжамол Жолдасованинг айтишича, ходимнинг хатти-ҳаракатларида қонун талаблари бузилгани аниқланса, хизмат текшируви ўтказилади.
“Оммавий равишда узр сўраш интизомий ёки бошқа жазо турига кирмагани сабабли, биз бундай амалиётни йўлга қўймаганмиз”, — деди Жолдасова.
Унинг сўзларига кўра, ходимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, қоидабузарликнинг оғирлигига қараб тегишли интизомий чора қўлланади. Агар ҳаракатларда жиноят аломатлари аниқланса, материаллар прокуратурага юборилади. Зарур ҳолларда масала судда ҳам кўриб чиқилади.
Жолдасова йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш кўникмаларини ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётганини айтди.
“Ташқи хизмат ходимларининг блогерлар билан ишлаши, кутилмаганда савол берилганда жавоб қайтариши бўйича ҳам ўқитиш йўлга қўйилган”, — деди у.
Шоҳруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, 2026-йилнинг тўққиз ойида ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ 245 та салбий хабар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
“Шундан бор-йўғи 18 та ҳолатда, яъни 7 фоизида ходимларимиз ҳақиқатан ҳам ноўрин хатти-ҳаракат қилган”, — деди Ғиёсов.
Унинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда воқеанинг фақат бир қисми акс этиши мумкин. Айрим фуқаролар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун чора кўрилгач, ходимларни тасвирга олиб, видеоларни салбий талқинда тарқатади.
Ғиёсов ходимнинг камера қаршисида саволларга жавоб бера олмай қолишини ҳамиша қоидабузарлик белгиси сифатида баҳолаш тўғри эмаслигини таъкидлади.
“Ходим тўсатдан камера қаршисида саволларга дуч келганда тутилиши ва нима дейишни билмай қолиши мумкин. Бу — психологик ҳолат. Бунинг ўзи ходим айбдорлигини англатмайди”, — деди у.
Озодбек Жўрабоевнинг айтишича, вазирлик фуқароларни омма олдида узр сўрашга мажбурламайди. Бундай видеолар, унинг сўзларига кўра, жамоатчиликнинг қоидабузарлик учун қандай чора кўрилгани ҳақидаги саволларига жавоб бериш мақсадида тарқатилади.
“Ҳеч кимни узр сўраттириб олиб чиқмаймиз”, — деди Жўрабоев.
Унинг тушунтиришича, қилмишидан пушаймон бўлиш жазо тайинлашда инобатга олиниши мумкин. Шу боис фуқаронинг ўз хоҳиши билан узр сўраши жазо белгилаш жараёнида аҳамият касб этади.
Жўрабоев ходимларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида ижтимоий тармоқларда алоҳида хабар берилмагани уларнинг хатти-ҳаракатлари текширилмаяпти, дегани эмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун расмийлаштирилган баённома якуний қарор ҳисобланмайди. Ҳужжат кейинги босқичларда кўриб чиқилади. Агар унда камчиликлар аниқланса, баённома қайтарилиши ва ходимнинг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви ўтказилиши мумкин. Фуқаро ходимнинг ҳаракатларидан норози бўлса, масала судда ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
“Сиз буни кўрмадингиз дегани, бу ерда иш кетмаяпти дегани эмас. Ҳар бир ҳолат таҳлил қилинади”, — деди Жўрабоев.
Унинг таъкидлашича, вазирлик ҳар бир ходимга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида алоҳида хабар бериб бориш имкониятига эга эмас. Бироқ ҳар бир ҳолат тегишли тартибда кўриб чиқилади.

