“Қоидаларда тирқиш қолмасин!” — иқтисодчи такси хизматига доир ўз таклифини айтди
Шимолдан қайтган ва қайтаётган меҳнат муҳожирларимиз учун меҳнат бозоримизда мутаносиб таклиф яратишимиз керак

“Қоидаларда тирқиш қолмасин!” — иқтисодчи такси хизматига доир ўз таклифини айтди
Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда такси ва етказиб бериш хизматларида фақат ўзбекистонликлар ишлаши билан боғлиқ талаб жорий этишни таклиф қилди. Эксперт бу чорани геосиёсий вазият мураккаблашаётган шароитда Ўзбекистонда ўзбекистонликларнинг ишлаши ва иш берувчилар томонидан ватандошларимизни устувор танлаш мажбурияти таъминланиши зарурати билан асослаган.
“Юз бераётган воқеалар ва берилаётган ишоралар кўрсатмоқдики, кейинги ойларда шимолда вазият янада оғирлашади ва эскалация фақат ортиб боради. Шимолдан қайтган ва қайтаётган меҳнат муҳожирларимиз учун меҳнат бозоримизда мутаносиб таклиф яратишимиз керак. Бунга барча имкониятлар бор. Энг аввало, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларида шартли ҳиндистонлик ва бангладешлик ищиларни жалб қилишни тўхтатиш лозим... қуйи ва ўрта поғонада фақат ўзбекистонлик ишлатилиши керак, тамом. Юқори менежмент, Ўзбекистонда етарли таклифи йўқ муҳандислик ва техник позицияларга майли, эркин танлайверишсин. Содда қилиб айтганда, Олмалиқдаги 4- ва 5- фабрикада ҳам, Тошкент–Самарқанд йўлида ҳам, янги аеропорт қурилишида ҳам, Янги Тошкентнинг саноқсиз лойиҳаларида ҳам устувор равишда ищи кучи ўлароқ ўзбекистонликлар қабул қилиниши зарур”, — деб ёзди жумладан О.Бакиров.
Экспертга кўра, бу талаб нафақат саноат ва инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва банк фаолиятига ҳам тааллуқли бўлиши керак.
“Айрим банклар бор, номини айтиш шартмас, ҳатто ўрта ва ўртадан паст лавозимларгаям, бозорда етарлича малакали таклиф бўлатуриб шимолдан келганларни каррасига юқори маош билан ишга олган ва олишда давом этмоқда. Меҳнат вазирлиги ҳам, Марказий банк ҳам бунга умуман эътибор бермаяпти...
Хориждан ищи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш қоидалари ўзгартирилиши керак. Лозим бўлса, қонун даражасида. Амалдаги қоидалар умуман эскирган, мавжуд иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий реалликларни ифодаламайди. Қоидаларда аниқ тақиқлар ва тирқиш қолдирмайдиган мезонлар белгиланиши, устуворликлар тасдиқланиши зарур.
Айни пайтда зудтар ижро қилиниши лозим чоралардан бири — такси ва етказиб бериш хизматларида фақат ўзбекистонликларни ишлаши билан боғлиқ талаблар бўлиши лозим”, — деб ҳисоблайди иқтисодчи.
Аввал хабар берганимиздек, 2026-йил 10-август куни тонгда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида жойлашган бир қатор обьектларга дронлар орқали ҳужум содир бўлгани оқибатида қурувчи бўлиб ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна бир неча ватандошимиз турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилди.
“Нижнекамскда қурбон бўлган ватандошларимиз юртида, оиласи бағрида ишлаши мумкин эди”, — дея ўзи таклиф этаётган чораларнинг аҳамиятини таъкидлаган О.Бакиров.
“Миркономика” канали муаллифи, иқтисодчи Миркомил Холбоев ҳамкасбининг ушбу таклифига меҳнат бозорида ўзбекистонликларга устунлик бериш на қисқа, на узоқ муддатда ижобий натижа бермайди дея эътироз билдирди.
“Биринчидан, мамлакатимизда меҳнат фаолиятини олиб бораётган чет элликлар сони у қадар кўп эмас. Масалан, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатимизда бир йилдан ортиқ муддат давомида истиқомат қилаётган чет элликлар сони 56,9 минг нафарни ташкил этади...
Иккинчидан, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз асосан паст малакали ишларда ишлашади. Мамлакатимизда меҳнат фаолиятини олиб бораётган чет элликлар эса асосан юқори малакали ишларда ишлашади (албатта истиснолар мавжуд). Яъни ҳозирги шароитда мамлакатимиздаги чет эллик ищиларининг ўрнига ўзбекистонликларни жойлаштириш имкониятлари юқори эмас...
Учинчидан, меҳнат бозорида маҳаллий ищиларга устунлик бериш ортидан ўз навбатида ўзбекистонликлар ишлайдиган меҳнат бозорларида шарт-шароитлар янада қаттиқлашиши мумкин”, – деб ёзди М.Холбоев.
Унинг фикрича, ҳозирги геосиёсий вазиятда муҳожирларимизни ҳимоя қилишнинг энг яхши воситаси бу кўпроқ ищи ўринлари яратадиган иқтисодий ўсишга эришишдир.
Қайд этиш жоизки, Россия ҳудудларида меҳнат муҳожирларининг турли соҳалар, масалан, такси хизматида ишлаши босқичма-босқич тақиқланмоқда.
2025-йил декабр ойида Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов патентли мигрантларга такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқловчи қарорни имзолади.
Илгари худди шундай тақиқ Новосибирск, Самара, Тула, Магадан, Челябинск, Калуга ва Тюмен вилоятларида, шунингдек, Якутия, Камчатка ва Қримда ҳам қабул қилинган эди.
Аввалроқ россиялик сиёсатчи Сергей Миронов “ҳаммаёқни келгиндилар эгаллаб олган”и важидан Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этишни талаб қилганди.
Рус сиёсатчилари фикрича, мактабларда мигрантларнинг фарзандлари сонини ҳам кескин қисқартириш керак.

