Маҳаллий

“Қизимга ногиронлик олиш учун 300 доллар сўрашди”. Актёр Мусулмонбек Юнусов Шаҳноза Мирзиёевага мурожаат билан чиқди

“Қизимга ногиронлик олиш учун 300 доллар сўрашди”. Актёр Мусулмонбек Юнусов Шаҳноза Мирзиёевага мурожаат қилди

Кино ва театр актёри Мусулмонбек Юнусов Инстаграм саҳифаси орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага видеомурожаат йўллади. Актёр вояга етмаган қизига ногиронлик расмийлаштириш жараёнида бир қатор муаммоларга дуч келганини айтмоқда.

Актёрнинг сўзларига кўра, унинг онаси И гуруҳ ногирони, қизи ҳам ногиронлиги бўлган бола. Икки йил аввал қизига ногиронлик белгиланган, ҳозир эса ҳужжатларни қайта топширишга тўғри келган.

— Аёлим иккимиз май ойининг охиридан буён ҳамма инсон каби навбатларда туриб, барча зарур шифокорлардан ўтиб, керакли ҳужжатларни йиғдик. Охирида Сергели тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясига бориб, ҳужжатларни топширдик. Улар 2–3 кундан сўнг биз билан боғланишларини айтишди.

“Қизингизга ногиронлик берамиз, бунинг хизмати 300 доллар бўлади”

Актёр айтишича, икки кундан кейин унинг рафиқасига 71-сонли поликлиника ҳамшираси қўнғироқ қилган. У суҳбатдан олдин аёлнинг ёнида ҳеч ким йўқлигини ва телефони суҳбатни ёзиб олмаётганини сўраган.

— Аёлим йўқ дегач, “Қизингизни 18 ёшгача ногиронликка чиқарамиз, сизни ҳам қаровчи сифатида ёнига қўшамиз. Фақат хизмати бор — 300 АҚШ доллари бўлади”, деган, дейди актёр.

Мусулмонбек бу таклифдан норози бўлиб, поликлиника ходимларига қўнғироқ қилганини айтади. Шундан кейин улар қўнғироқларга жавоб бермаган. Икки кундан сўнг эса қизига ногиронлик берилгани, аммо онаси қаровчи сифатида расмийлаштирилмагани ҳақида расмий жавоб берилган.

— Бу дегани қизим ўзи овқатлана олади, юра олади, мустақил ҳожатга чиқиб кела олади, деганими? Ваҳоланки, қизим буларнинг барчасини мустақил қила олганида, бизга ногиронлик керак эмас эди. Менга алам қилгани — агар 300 доллар берганимизда, онаси қаровчи сифатида қўшиб бериларди, дейди у.

“Ногирон болалар ортидан пул олаётганларни лавозимидан озод қилишни сўрайман”

— Ногирон боланинг орқасидан пул ейдиган инсонлар ҳали ҳам ўз лавозимида ўтириши тўғрими? Мен-ку, майли санъаткорман, ҳаракат қилиб, кўпроқ ишлаб, ўша пулни топиб берарман. Лекин фарзанди даволаниши учун маблағ тополмаётган ота-оналар бор. Бугунги муолажанинг пулини топдик, эртага нима қиламиз, дейдиганлари бор. Улар нима қилади? Мен ҳар куни ана шундай ота-оналар билан кўришаман, дейди актёр.

У Сергели туманидаги ижтимоий ҳимоя марказига бориб, вазият юзасидан ходимлар билан ҳам гаплашган. Бироқ унинг сўзларига кўра, бу мурожаатлар ҳам муаммони ҳал қилишга ёрдам бермаган.

— Ҳуқуқшунослар билан гаплашдим. Ўнгга югурди, чапга югурди, лекин улар ҳам ҳеч нимани ҳал қилиб бера олмади. Шунда менда қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деган фикр пайдо бўлди. Энди мен нима қилишим керак десам, хоҳласангиз видеомурожаат қилаверинг, деган жавобни олдим, дейди у.

Мусулмонбек Юнусов видеомурожаат орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевадан ҳолатни шахсан ўрганишини сўради. Шунингдек, у ногиронлиги бўлган болалар ортидан ноқонуний пул талаб қилаётган ходимларни аниқлаб, лавозимидан озод қилишга чақирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.