“Қишда „свет“ ўчмайди эмас, ўчади”. ҲЕТ раҳбари — мавсумга тайёргарлик ва режали узилишлар ҳақида
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 843 млрд сўм маблағ ажратилди. ъҲудудий электр тармоқлариъ раҳбари Сардор Исақуловнинг айтишича, авария хавфи юқори бўлган обьектларда таъмирлаш ишлари якунланган. Бироқ бу электр узилишлари бўлмайди, дегани эмас. ъҚишда „свет“ ўчмайди эмас, ўчадиъ, — деди у.

“Қишда „свет“ ўчмайди эмас, ўчади”. ҲЕТ раҳбари — мавсумга тайёргарлик ва режали узилишлар ҳақида
Ўзбекистонда электр истеъмолчиларининг 35 фоизи август ойида 200 кВт/соатдан ортиқ электр энергияси сарфлаган. Бу ҳақда 8-октабр куни “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарияти иштирокидаги матбуот анжуманида айтилди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.
“Ҳудудий электр тармоқлари” бошқаруви раисининг собиқ биринчи ўринбосари Бобир Исломовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда жами 8 млн 344 минг электр истеъмолчиси мавжуд. 2026-йил августида 5 млн 682 минг истеъмолчи 200 кВт/соатгача, 1 млн 135 мингтаси 200−300 кВт/соат оралиғида, 354 мингтаси эса 300 кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлатган. Унинг тушунтиришича, ҳисоб-китобларда битта хонадон битта истеъмолчи сифатида олинади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Сардор Исақуловнинг айтишича, электр таъминотида авария юз бериши эҳтимоли юқори бўлган обьектлар йил бошида аниқланиб, хавф даражасига қараб қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилади. Қизил тоифадаги обьектларда таъмирлаш ишлари августгача, сариқ тоифадагиларда эса 1-октабргача якунланган.
“Энергетика тизими ҳар қандай мавсумга тайёр туриши шарт. Ёзги мавсумга ҳам қишдан бошлаб тайёргарлик кўрамиз. Қайси жойларда хавф борлигини олдиндан белгилаймиз ва таъмирлаш ишларини амалга оширамиз”, — деди у.
Исақуловнинг таъкидлашича, ҳозир кунлик электр энергияси истеъмоли 200 млн кВт/соатга етмоқда. Ёзнинг айрим кунларида эса бу кўрсаткич 150 млн кВт/соат атрофида бўлган.
Унинг айтишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳар бир бригаданинг ишини ташкил этиш, уларнинг ҳудудларда штаб асосида фаолият юритиши ва зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминланиши учун республика миқёсида 843 млрд сўм маблағ ажратилган.
Исақуловнинг сўзларига кўра, таъмирлаш жараёнида изоляторлар алмаштирилади, симлар тўғриланади ва бошқа техник ишлар бажарилади. Ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун айрим тармоқларни вақтинча ўчиришга тўғри келади. Бир тармоққа ўртача 15−20 та трансформатор пункти улангани сабабли, таъмирлаш даврида улар орқали электр оладиган ҳудудларда ҳам таъминот вақтинча тўхтайди.
“Бир тармоқни таъмирлашга чиқарганимизда, унга уланган трансформатор пунктлари ҳам ўчиб туради. Бригада кун давомида шу жойда ишлайди ва таъмирлашни якунлайди. Бу ҳам электр узилиши ҳисобланади, лекин унинг сабаби авария эмас, балки тармоқни янгилаш ва барқарор ишлашини таъминлашдир”, — деди Исақулов.
Унинг қайд этишича, жорий йилги куз-қиш мавсумида Тошкентнинг Олмазор, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам режали таъмирлаш сабабли қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин. Бундай ишларнинг мақсади — тармоқлардаги эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш.
“Биз истеъмолчини мижоз деб атаймиз. Чунки корхонамиз ҳам, ходимларимиз ҳам айнан шу мижозлар туфайли пул топади. Шу сабабли уларга электр энергиясини барқарор етказиб бериш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз”, — деди у.
Исақулов электр таъминотидаги узилишларни камайтириш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун тизимни рақамлаштириш режаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.
Янги тизим орқали таъмирлаш ишлари, ходимлар фаолияти ва уларга берилган материалларнинг белгиланган жойга етказилиши назорат қилинади. Шунингдек, истеъмолчиларни режали узилишлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш имконияти яратилади.
“Мисол учун, сиз муайян трансформаторга уланган истеъмолчисиз. Телефон рақамингиз ҳисоб рақамингизга бириктирилган бўлади. Агар шу трансформатор пунктида режали таъмирлаш ишлари ўтказиладиган бўлса, сизга бир-икки кун олдин Телеграм орқали хабар юборилади.
Унда эртаси куни соат 08:00 дан 17:00 гача электр таъминотида узилиш бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади ва келтирилган ноқулайлик учун узр сўралади”, — деди ҲЕТ раҳбари.
Унинг маълум қилишича, тизимни жорий этиш бўйича “Узинфоком” билан иш олиб борилмоқда. Дастлабки тақдимот ўтказилган, навбатдагиси эса келгуси ҳафтага белгиланган. Лойиҳа ходимлар фаолиятини назорат қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш каби хизматларни ҳам қамраб олади.
“Биз техник талабларни белгиладик. Дастлабки тақдимотдан кейин айрим жойларини қайта ишлаш бўйича тавсиялар бердик. Келаси ҳафта яна тақдимот ўтказилади. Шундан сўнг аниқ муддат айтилади. Ҳозирча улар базадаги маълумотларни тўлиқ киритиш ва рақамлаштириш учун тахминан икки-уч ой вақт сўрашмоқда”, — деди Сардор Исақулов.
Унинг фикрича, рақамли тизим истеъмолчиларга электр таъминотидаги режали узилишлардан олдиндан хабардор бўлиш ва кунлик ишларини шунга қараб режалаштириш имконини беради.
Электр таъминотидаги узилишлар қишда кўпроқ сезилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Исақулов ёзда ҳам узилишлар бўлиши, бироқ совуқ ҳаво ва кунларнинг қисқалиги сабабли қишда улар аҳолига кўпроқ ноқулайлик туғдиришини айтди.
“Свет ўчмайди, деб ваъда беролмаймиз. У ўчади. Бу — техник қурилмалар билан боғлиқ жараён. Текис йўлда кетаётган машинанинг балони тешилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку, тўғрими? Электр таъминотида ҳам авариявий узилишлар бўлиши мумкин. Лекин режали узилишлар ҳам бор. Агар айрим тармоқларни режали равишда ўчириб, модернизация ишларини амалга оширмасак, қишда янада кўпроқ муаммоларга дуч келамиз”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, электр таъминотидаги узилишлар сони ва давомийлиги халқаро кўрсаткичлар орқали ҳам баҳоланади. Бу маълумотлар “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг расмий платформасида очиқ эълон қилинади.
ҲЕТ раҳбари режали ва авариявий узилишларни фарқлаш кераклигини таъкидлади. Режали узилишлар тармоқларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун амалга оширилса, авариялар техник носозликлар ва ташқи омиллар сабабли юз бериши мумкин.
“Авария — ўз номи билан авария. Унинг турли сабаблари бор. Қаттиқ шамол бўлиши ёки кимдир автомобилда келиб, электр устунини уриб кетиши мумкин. Кейинги пайтларда бундай ҳолатлар кўпаймоқда. Кимдир ўзбошимчалик билан ер қазиб, кабелни узиб қўяди. Лекин электр таъминоти узилганда, барибир айб “Ҳудудий электр тармоқлари”га қўйилади”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари вақтида ер қазиш, бетон қуйиш ёки дарахт экиш жараёнида электр кабелларига зарар етказилиши мумкин. Шунингдек, габаритдан катта юкларни ташишда электр устунлари ва симлари шикастланиши ҳам авариявий узилишларга сабаб бўлади.
“Катта габаритли юкларни олиб ўтиш жараёнида устун симларини бир томонга суриб, шикастлаб кетиш ҳолатлари бўлади. Комбайнлар ёки бошқа катта юкларни ташишда ҳам шундай вазиятлар кузатилмоқда. Буларнинг барчаси авариявий узилишларга сабаб бўлади”, — деди Исақулов.
Унинг таъкидлашича, электр тармоқлари катта ҳудудни қамраб олгани учун барча ташқи омилларни тўлиқ назорат қилиш қийин. Шу боис аҳоли ва қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотлар тармоқларга зарар етказмасликка эътибор қаратиши зарур.
Авария юз берганда мутахассислар уни бартараф этишга киришади. Исақуловнинг айтишича, айрим ҳолларда электр таъминоти 15−20 дақиқа ичида тикланиши мумкин, бошқа вазиятларда эса аварияни бартараф этиш кўпроқ вақт талаб қилади.

