Қирғизистонда ўқитувчилар ва амалдорларга президентлик сайлови олдидан ташвиқот олиб бориш тақиқланди

Қирғизистонда президентлик сайлови арафасида ўқитувчилар ва амалдорларга ташвиқот олиб бориш тақиқланди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2027-йил 27-январда ўтказиладиган президентлик сайловларига доир фармонни имзолади. Энди ўқитувчилар ва талабаларни сайловолди ташвиқотига жалб этиш мумкин эмас.
Жапаров имзолаган фармон президентлик сайловларини эркин ва шаффоф ўтказишни таъминлаш учун зарур чораларни белгилайди. Ҳужжатга кўра, ўқитувчилар, мактаб ўқувчилари, олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари, тиббиёт ходимлари, ижтимоий хизматлар ходимлари ҳамда бошқа давлат ва муниципал ташкилотлар вакилларини бирор номзод фойдасига ташвиқотга жалб қилиш тақиқланади.
Вазирлар Маҳкамасига сайловолди ташвиқотида ноқонуний қатнашган ёки хизмат мавқейидан бирор номзод манфаатлари йўлида фойдаланган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш топширилди. Зарурат туғилганда бундай раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод қилинади.
Фармон, шунингдек, давлат ва муниципал органларнинг сайлов жараёнига ноқонуний аралашуви ҳамда маъмурий ресурслардан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.
Марказий сайлов комиссиясига сайлов қоидалари ҳаммага бир хил қўлланишини таъминлаш ва фуқароларни хабардор қилиш учун қўшимча чоралар кўриш тавсия этилди.
Ҳужжатда Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлаш чоралари ҳам назарда тутилган.
Маълумот учун, амалдаги президент Садир Жапаров 2021-йил 28-январдан бери давлат раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.
Жапаров 2026-йил 13-августда ОАВга берган интервюсида навбатдаги президентлик сайловида қатнашишини билдирган. У бошланган ислоҳотларни якунлаш учун иккинчи муддатга номзодини қўйишини айтган.

