Қирғизистонда 3 йил қидирувда бўлган ўзбекистонлик ака-ука ушланди

Қирғизистонда уч йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик ака-укалар қўлга олинди.
Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида фирибгарликда гумонланаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Улар 2023-йилдан бери қидирувда бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизматига таяниб “24.kg” хабар берди.
Полиция маълумотларига кўра, 2021-йилда Оқ Турпоқ қишлоғи аҳолиси ака-укалар устидан шикоят қилган. Гумонланувчилар пластик деразалар ясаб беришни ваъда қилиб, пулларни олган, аммо ваъдаларини бажармаган.
Тергов жараёнида жабрланганларга етказилган умумий моддий зарар 122 минг сом (1300 доллар)ни ташкил этгани аниқланди. Ҳолат юзасидан “Фирибгарлик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчилар 2023-йилда расман қидирувга берилган эди.
Қадамжой тумани ИИБ ходимлари уларнинг жойлашган манзилини аниқлади. Қидирувдагилар Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида яшовчи, 1989 ва 1991-йилда туғилган ака-укалар эканлиги маълум бўлди. Иккала шахс ҳам Қадамжой туманида қўлга олинди ва милиция бўлимига олиб келинди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

