Қирғизистонда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда
Таълим вазирининг сўзларига кўра, болалар ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай назорациз ўтирибди.

Қирғизистонда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланиши мумкин
Қирғизистонда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири Догдуркул Кендирбаева маълум қилди.
«Биз бу масалани кўриб чиқмоқдамиз. Бизда тажриба бор. Масалан, дарсларда телефондан фойдаланишни тақиқладик», - деди у.
Вазирнинг айтишича, бошқа давлатларда ҳам вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ҳолатлари мавжуд.
Кендирбаеванинг фикрича, бу айниқса мактабда атиги уч соат бўлиб, қолган вақтини уйда ўтказадиган бошланғич синф ўқувчилари учун муҳим.
«Болалар ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай назорациз ўтирибди. Улар қандай ахборотлар олишаётганини биз билмаймиз», - деди вазир.
Аввалроқ Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкинлигини айтганди.

