Қайта-қайта кўришга арзигулик 6 та турк филми ва сериали

Қайта-қайта томоша қилишга арзигулик 6 та турк филми ва сериали
Турк лойиҳалари йилдан-йилга машҳурлик касб этмоқда. Уларнинг орасида бир марта кўришга арзигуликлари ҳам, қайта-қайта томоша қилиш истагини уйғотадиганлари ҳам бор. Қуйида ана шундай филмлар ва сериаллар рўйхати келтирилган.
**“Қалбингдан сўра” (2010)**
*Бош ролларда: Туба Буюкустун, Жаҳит Эже, Ҳоқон Эратик ва бошқалар.*
Ушбу филм бир-бирига мос келадиган икки инсоннинг таъсирли ва ғамгин муҳаббат ҳикоясини тасвирлайди. Мулойим Эсма ва эҳтиросли Мустафо бир-бирига ошиқ бўлишади ва ҳаётларини бир-бирисиз тасаввур қила олмайдилар. Бироқ улардан бири ўзининг ҳақиқий эътиқодини яшириб юради. Ўша даврда насронийлар яширинишга, марҳумларини мусулмон қабристонларига дафн этишга ва солиқлар тўлашга мажбур бўлишади. Усмонли империяси бир қатор ислоҳотларни жорий этади, бунинг натижасида насронийлар мусулмонлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўладилар. Черков ўз издошларини яширинишни тўхтатишга чақиради, аммо жамият бунга ҳали тайёр эмас. Динлар ўртасидаги кураш давом этади ва бу ошиқлар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатади.
**“Йўқотилганлар” (2013-2014)**
*Бош ролларда: Мете Хорозоғлу, Асли Энвер, Каан Ташанер ва бошқалар.*
Бадавлат ва нуфузли Ўздемир оиласи зиёфат уюштиради. Юқори табақадаги меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, уйга полиция кийимидаги одамлар кириб, уларнинг ўғли Керемни ўғирлаб кетишади. Кейинчалик маълум бўладики, бу “полициячилар” аслида ниқобланган жиноятчилар бўлган. Йигитнинг отаси Кемал фарзандини қутқариш учун ҳамма нарсага тайёр: таниш-билишларини ишга солади, барча мол-мулкидан воз кечишга рози бўлади, бироқ барчаси бефойда, қидирув ишлари натижасиз қолади. Шунда у ҳозирда жиноятларни хусусий тарзда текшираётган собиқ полициячи Меҳмет Кантаржига мурожаат қилади. Аммо ўғриларнинг асосий мақсади фақатгина бойлик орттириш эмаслиги маълум бўлади.
**“Кичкина келин” (2013-2015)**
*Бош ролларда: Гўзде Мукавелат, Уфук Шен, Орхан Шимшек ва бошқалар.*
Воқеалар икки оила – бой ва нуфузли Керман хонадони ҳамда уларга хизмат қилувчи камбағал эр-хотин Каралар атрофида кечади. Ферман Қара Керманларнинг қизига ошиқ бўлиб, унга уйланмоқчи бўлади. Қиз ҳам уни севади, бироқ бадавлат оила бунга қарши чиқади, чунки қизларига тенг жуфт топиш керак деб ҳисоблайди. Шунда ошиқлар қочиб кетишга аҳд қилишади, аммо уларни тез орада қувиб етишади ва энди уларга ўлим хавфи таҳдид солади. Шунда Заҳронинг отаси (Ферманнинг синглиси) уни ҳақоратланган Керман оиласининг ўғлига узатишга қарор қилади. Шундай қилиб, 13 ёшли қизалоқ ногиронлар аравачасидаги йигитнинг хотини бўлиб, унинг шафқациз оиласига келинлик қилади. Аммо бу синов ягона эмасди: Заҳронинг онаси ўлими олдидан унинг ўгай онаси эканлигини айтади. Шу пайт шаҳарга янги туғилган қизини ўлди деб ўйлаган Мелек исмли аёл қайтиб келади.
**“Отам ва ўғлим” (2005)**
*Бош ролларда: Четин Текиндор, Фикрет Кускан, Эге Танман ва бошқалар.*
Анча илгари Ҳусайн афанди ўғли Содиқни қишлоқдан шаҳарга жўнатади. У ерда Содиқ оилавий хўжаликда отасининг ўрнини эгаллаш учун қишлоқ хўжалиги муҳандислигини ўрганиши лозим эди. Бироқ йигит журналистика ва сиёсий ҳаракатларга берилиб кетиб, отасининг ғазабига дучор бўлади. Содиқ шахсий ҳаётини тартибга солади: уйланади, фарзанд кутишади. Аммо чақалоқ туғиладиган куни Туркияда ҳарбий тўнтариш содир бўлади, барча хизматлар тўхтаб қолади, ҳеч ким аёлни касалхонага етказа олмайди. У кўчада фарзандини дунёга келтириб, вафот этади. Содиқ ўғли Денизни ўзи тарбиялайди. Сиёсий қарашлари туфайли қамоқхонага тушиб, у ердан оғир хаста бўлиб чиқади. Энди у ўғлини тарбиялаши учун ота-онасига топширмоқчи. Содиқ ўз хўжалигига қайтгач, ўғли ҳақи-ҳурмати учун отаси билан муносабатларни тиклашга узоқ вақт уринади. Ўзи ота бўлгач, илгари чидаб бўлмас туюлган отасининг хатти-ҳаракатларини тушуна бошлайди.
**“Бебаҳо вақт” (2010-2013)**
*Бош ролларда: Айча Бингўл, Йилдиз Чағри Атиксой, Арас Булут Ийнимли ва бошқалар.*
Сериал воқеалари Акарсу оиласи атрофида кечади. Оила бошлиғи Али денгизчи, кема капитани. Унинг хотини Жамила ва тўрт фарзанди бор: ҳуқуқшунослик факултети талабаси Беррин, ўрта мактаб ўқувчилари Айлин ва Мете ҳамда кичкинтой Усмон. Бундан ташқари, Алининг оиласини барбод қилган маъшуқаси Керолайн ҳам бор. У Акарсунинг уйига бостириб келганда, Жамила уни пичоқ билан жароҳатлайди. Керолайн омон қолади ва Алига шарт қўяди: агар у хотини билан ажрашиб, унга уйланса, полицияга берган аризасини қайтариб олишини айтади. Шундай қилиб, ҳар бир қаҳрамон мураккаб танлов, шантаж ва хиёнатлар гирдобига тушиб қолади, ақлбовар қилмас синовларга дуч келади.
**“Ҳаёт азоблари” (2005-2007)**
*Бош ролларда: Кенан Имирзалиоғлу, Селин Демиратар, Ўғуз Галели ва бошқалар.*
Меҳмет ва Нермин Истанбулнинг чеккасида яшаб, турмуш қуриб яхши уйга эга бўлиш учун жон-жаҳди билан ишлашади. Аммо ҳеч қандай меҳнат уларни қашшоқликдан қутулиш орзусига яқинлаштирмайди. Бир куни чиройли ва бадавлат Эндер Нерминни кўриб, унга ошиқ бўлиб қолади. Нермин Эндерга турмушга чиқиб, севгилисини ўтмишда қолдириб, фаровон ҳаёт кечира бошлайди. Меҳмет эса ҳамон уни севади ва хиёнат учун бой рақибидан ҳамда Нерминнинг ҳозирги эридан ўч олишни орзу қилади. Бунинг учун у тезда бойлик орттириш ва севгилисининг меҳрини қайтариш мақсадида жиноий режа тузади.

