Қатар Эрондаги уруш сабаб давлат бюджетини 30 фоизга қисқартирди

Қатар ҳукумати давлат бюджетини 30 фоизга қисқартирди, шунингдек, хорижга ажратиладиган гуманитар ёрдам харажатларини қарийб 85 фоизга камайтирди. Бу чоралар АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга оширилмоқда. Финансиал Тимес нашрига таяниб, Тҳе Срадле хабар беришича, Доҳа расмийлари харажатларни янада қисқартиришни режалаштирмоқда.
Қатар даромадининг асосий манбаи суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспорти ҳисобланади. Эроннинг мамлакатдаги АҚШ базаларига берган жавоб зарбалари газ ишлаб чиқаришни издан чиқарган. Қолган маҳсулотни Ҳормуз бўғози орқали олиб ўтиш ҳам қийинлашган. Жараёндан хабардор учта манбанинг маълум қилишича, бюджет қисқартирилишига газдан келадиган даромаднинг кескин тушиб кетиши сабаб бўлган.
Доҳа 2026-йилги бюджетни тахминан 61 миллиард доллар қилиб белгилаган эди. Бироқ идоралар харажатлари қисқаргач, умумий бюджетнинг қанчага камайгани очиқланмади. Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, Кўрфазнинг олтита давлати орасида энг катта иқтисодий пасайиш Қатарда кузатилади, мамлакат ишлаб чиқариши 2026-йилда 8,6 фоизга қисқаради.
Глобал масалалар бўйича Яқин Шарқ кенгаши катта илмий ходими Ториқ Юсуфнинг таъкидлашича, агар инқироз йилнинг охирги чорагида ҳам давом эца, Доҳа 2027-йилда харажатларни янада кўпроқ қисқартиради. Юсуфнинг сўзларига кўра, ҳукумат инқирозни самарали бошқараётган бўлса-да, етказилган зарар жуда катта. Улар иқтисодиёт ва ликвидликни ушлаб туриш учун тўпланган молиявий захиралардан фойдаланмоқда, аммо бу бюджетда катта тешик қолдиради.
Бу молиявий захираларга активлари 500 миллиард долларга тенг бўлган Қатар Суверен Жамғармаси ҳам киради. Доҳа хорижий ёрдамлар учун қанча маблағ сарфлашини тўлиқ очиқламайди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2025-йилда мамлакат БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасига 1,5 миллиард доллар ўтказган ва энг йирик бешта донор сирасига кирган.
Дунё бўйича энг кўп СТГ экспорт қилувчи Рас Лаффан мажмуаси феврал ойида, уруш бошланганининг тўртинчи кунида Эрон дронлари ва ракеталари ҳужумига учраган эди. Эрон март ойида заводга яна бир бор зарба берган. Шунингдек, бу мажмуада 21-июн куни кучли портлаш юз берган. Ҳодиса ортидан келиб чиққан ёнғин оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлиб, яна 66 киши жароҳатланган. Оқибатда экспорт қувватининг 17 фоизи ишдан чиққан. Заводни таъмирлаш учун 5 йилгача вақт кетиши кутилмоқда.
Зарарлар сабабли ҚатарЕнергй компанияси газ етказиб бериш шартномалари бўйича форс-мажор ҳолатини эълон қилди. Бу компанияни Европа ва Осиёдаги харидорлар олдидаги мажбуриятлардан озод этди. Реутерсънинг ёзишича, экспорт тўхтаб қолган бир пайтда осиёлик мижозларни газ билан таъминлаш учун давлат компанияси 2026-йилда АҚШдан 33 та СТГ юкини сотиб олган ва бунинг учун тахминан 1 миллиард доллар сарфлаган. Бу газ маҳсулотлари Жанубий Корея, Тайван, Бангладеш, Ҳиндистон ва Японияга етказиб берилмоқда.

