Қашқадарёда ўқувчига жисмоний жазо қўллаган ўқитувчига ҳайфсан берилди

Қашқадарёда ўқувчига жисмоний жазо қўллаган ўқитувчи ҳайфсан олди
Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ўқувчига жисмоний жазо қўллаган ўқитувчига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.
Қайд этилишича, Кўкдала туманида яшовчи фуқаро О.Т. Болалар омбудсмани котибиятига мурожаат қилиб, мактабда таҳсил олаётган фарзанди Т.D.ga ўқитувчиси Ф.Р. жисмоний жазо қўллаганини билдирган.
Фуқаро ушбу ҳолат бўйича тегишли чора кўрилишини сўраган.
Мурожаат Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилган.
Текширув якунига кўра, таълимда номақбул тарбия усулларига йўл қўйган ўқитувчига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.
Шунингдек, барча мактаб масъуллари болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши ҳамда таълим жараёнида болалар учун хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилган.

