Қаршиликлардан сўнг Сиднейдаги баҳсли маълумотлар маркази режаси бекор қилинди
«Project Mars» маълумотлар маркази ортида турган кўчмас мулк гиганти — Goodman Group компаниясининг маълум қилишича, бу қарор «сиёсат ва тартибга солиш муҳитидаги» ўзгаришлар туфайли қабул қилинган.

Сиднейда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган маълумотлар марказини қуриш режалари фаолларнинг кучли қаршилигидан кейин бекор қилинди.
Австралиянинг энг йирик кўчмас мулк компанияси бўлмиш Goodman Group Сидней чеккасидаги уйлардан атиги бир неча метр масофада қуришни режалаштирган ушбу объект Лэйн Коув (Lane Cove) ҳудудида жойлашадиган, қиймати 1,2 миллиард Австралия доллари (630 миллион фунт стерлинг; 841 миллион АҚШ доллари) бўлган ва 90 мегаватт қувватга эга «Марс лойиҳаси» (Project Mars) деб номланган мажмуа бўлиши керак эди.
Маҳаллий режалаштириш органига йўллаган мактубида компания ўз аризасини қайтариб олаётганини тасдиқлади. Бу қарор маҳаллий аҳоли ва фаолларнинг давомли қаршилигидан сўнг қабул қилинди.
Бу ихтилоф Австралияда маълумотлар марказларининг ўрни хусусидаги кенг кўламли мунозараларни акс эттиради.
Сўнгги йилларда генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгайгани сари маълумотлар марказларига бўлган талаб кескин ортди ва Австралия ўзининг мўл-кўл тоза энергияси, табиий газ захиралари ва ер майдонлари билан уларни қуриш бўйича глобал марказга айланди.
Бироқ, ҳукумат глобал сунъий интеллект компанияларидан инвестицияларни жалб қилишга интилаётган бир пайтда, ушбу марказларнинг сув ва энергия таъминотига катта юклама олиб келиши, шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳаётига халақит бериши сабабли кучли қаршиликлар ҳам юзага келмоқда.
Лэйн Коувдаги энг яқин уйдан тахминан 20 метр масофада қурилиши керак бўлган «Марс лойиҳаси» бўйича жамоатчилик муҳокамаси давомида 374 та фикр-мулоҳаза келиб тушган бўлиб, улардан фақат тўққизтаси лойиҳани қўллаб-қувватлаган.
Янги Жанубий Уэльс Режалаштириш департаментига йўллаган мактубида Goodman Group 2025 йил март ойида режалаштириш жараёни бошланганидан бери «кенг кўламли техник тадқиқотлар, манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик ва жамоатчилик маслаҳатлашувларини амалга оширганини» маълум қилди.
«Ушбу давр мобайнида йирик ҳажмдаги маълумотлар марказларини ривожлантириш бўйича сиёсий ва тартибга солувчи муҳит сезиларли даражада ўзгарди», — дейилади хабарда.
Компания «маҳаллий аҳолининг фикр-мулоҳазалари» билан бир қаторда «ушбу ўзгаришларни диққат билан кўриб чиққанини» ва лойиҳани давом эттирмасликка қарор қилганини билдирди.
Goodman Group компаниясининг ушбу қарори Янги Жанубий Уэльс ҳукумати ўтган ойда маълумотлар марказлари учун тезлаштирилган дастур жорий этилишини эълон қилганидан кейин қабул қилинди.
Ушбу дастурга кўра, агар таклифлар стандарт талабларига жавоб берса ва қўшимча сув ҳамда энергия таъминотини молиялаштиришга ёрдам берса, улар 75 кун ичида кўриб чиқилиши мумкин.
Янги Жанубий Уэльс Қонунчилик ассамблеясининг Лэйн Коувдан сайланган аъзоси Энтони Робертс «Lane Cove Responsible Planning Group»нинг Facebook саҳифасида қолдирган постида буни «Лэйн Коув Вест аҳолиси учун улкан ғалаба» деб атади.
«Бу бизнинг жамоамиз учун соғлом фикрнинг ғалабасидир», — деди у.
«Ушбу ғалаба бошқа маълумотлар маркази девелоперларига аниқ сигнал беради. Таклифларни тақдим этишдан олдин мос жойларни топиш керак.
Маълумотлар марказлари муҳим рол ўйнайди, аммо бундай ҳажм ва миқёсдаги лойиҳалар тегишли жойларда жойлаштирилиши ва атрофдаги аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилиши лозим».

