Қарсаклар шовқинида ҳақиқатнинг овози эшитилмайди | 5 дақиқа
Инсоннинг қўлига катта ҳокимият берилса, одатда атрофдагиларга қандай яшашни ўргата бошлайди. Лавозими кўтарилгани сари ўзини кўпроқ нарсани биладиган, ҳатто ўзида йўқ сифатларга ҳам эга инсон сифатида тасаввур қилиши мумкин. Бироқ Марк Аврелийнинг «Ўзимга ўгитлар» асарини ўқир экансиз, бутунлай бошқа манзарага гувоҳ бўласиз.

Қарсаклар шовқинида ҳақиқатнинг овози эшитилмайди | 5 дақиқа
«5 дақиқа»нинг навбатдаги сонида Рим императори бошқалардан кўра, ўзини қандай бошқариш ҳақида кўпроқ ўйлаганини билиб оласиз.
Марк Аврелий милодий ИИ асрда яшаган ва Рим империясининг ҳукмдори бўлган. Унинг қўл остида катта давлат, катта армия, катта ваколат бор эди. Унинг қарорлари кўплаб мамлакатлар тақдирига таъсир қиларди. Бундай одам ўзини дунёнинг абадий эгасидек тасаввур қилиши осон, албатта. Бироқ у бошқача яшади.
«Ўзимга ўгитлар» аслида бошқаларга аталган китоб ҳам эмас. Ҳукмдор уни шахсий мулоҳазалари, ўзини тартибга чақирувчи эслатмалари сифатида ёзган.
Император ушбу китобда ўзини ғазабдан қайтаришга уринади. Обрўга ортиқча берилмасликни эслатади. Бошқаларнинг фикрига боғланиб қолмаслик ҳақида ўйлайди. Вақтнинг ўтиб кетаётганини кўп тилга олади.
Тасаввур қилинг, Римнинг ҳумкдори ўзини тайёр, камолга етган шахс сифатида кўрсатмайди. Аксинча, у ўзининг камчиликларини билади ва уларни қайта-қайта тан олади. Гўё императорлик унга инсон бўлиш вазифасини бекор қилиб қўймаганини ўзига уқтираётгандек.
Масалан, ғазаб ҳақида кўп ўйлайди. Атрофидаги одамлар унинг хоҳишига кўра иш тутмаслиги, ношукр бўлиши, қўпол гапириши ёки ўзини ёмон тутиши мумкин. Лекин бошқа одамнинг хатоси унинг ўзини ҳам ёмон одамга айлантириб қўймаслиги лозим.
Бу фикрлар кўпчилигимизга яхши таниш, албатта. Масалан, кимдир машинада йўлимизни тўсади ва бутун кунимиз расво бўлади. Кимдир ноҳақ гапиради, кайфиятимиз ўзгаради. Кимдир бизга ҳурмацизлик қилади, биз ҳам унга шундай жавоб қайтаришни хоҳлаймиз. Аврелий эса бошқа одамнинг хулқи устидан ҳукм юритишдан олдин ўз хулқингизни назорат қилинг, демоқчи бўлади. Чунки бировнинг хатоси учун ўзингизни жазолашингиз шарт эмас.
Император мақтовга жуда эҳтиёткор муносабатда бўлади. Хушомадгўй, қарсакбоз одамларни ўзидан йироқ тутади. Ишонаверинг, бугун сизни кўкка кўтарган одам, эртага бошқа раҳбар келганида унга ҳам таъзим қилади. Ҳатто сиз ҳақингизда бутунлай бошқача фикр айтиши ҳам мумкин. Одамларнинг баҳоси ўзгарувчан, обрў эса вақт олдида ҳамиша ожиз, дейди.
Аврелий шунинг учун шуҳратни ҳаётнинг энг катта мақсадига айлантирмасликка уринади. Унга кўра, инсоннинг яхши ёки ёмонлиги уни қанча одам мақтагани билан белгиланмаслиги керак. У нима қиляпти, нима учун қиляпти ва бу иш уни қандай инсонга айлантиряпти. Асосийси шу!

