Маҳаллий

Қарийб 800 минг фуқарога 22 млрд сўмлик асоссиз коммунал қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинди

Рақобат қўмитаси ўрганишлари натижасида асосий яшаш манзилида вақтинча бўлмаган қарийб 800 минг фуқаронинг коммунал хизматлар бўйича 22 млрд сўмга яқин асоссиз қарзи қайта ҳисобланди. Қўмита биллинг тизимларини миграция маълумотлари базалари билан интеграция қилишни таклиф этди.

Қарийб 800 минг фуқарога 22 млрд сўмлик асоссиз коммунал қарздорлик қайта ҳисоблаб чиқилди

Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганишлар натижасида асосий яшаш манзилида вақтинча яшамаган қарийб 800 минг фуқаро фойдасига коммунал хизматлар бўйича 22 млрд сўмга яқин асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Айрим абонентлар ҳақидаги маълумотлар амалдаги ҳолатга мос келмаган, янги абонентлар тўғрисидаги маълумотлар эса тизимга киритилмаган.

Рақобат қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда республика бўйлаб фуқаролар вақтинча бошқа жойда яшаган ёки хорижда бўлган даврда асосий яшаш манзили бўйича айрим коммунал хизматлар учун тўловлар ҳисоблангани ҳолатларини ўрганди.

Ўрганишларда хорижда вақтинча истиқомат қилаётган, ишлаётган, иш қидираётган ва таҳсил олаётган фуқаролар ҳақидаги маълумотларда тафовутлар борлиги аниқланган.

Хусусан, тегишли даврда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати кўрсатилмаган қарийб 800 минг нафар фуқаро, шунингдек, ичимлик суви ҳисоблагичлари билан таъминланмаган хонадонларда яшамаган 100 нафарга яқин фуқаро аниқланган. Натижада хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан қарийб 800 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 22 млрд сўмга яқин асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, абонентлар сонидаги ўзгаришлар тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланган тақдирда, қарздорлик шахслар сони ўзгарган санадан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилинади. Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, қайта ҳисоб-китоб ўтган уч ой учун амалга оширилади.

Қўмита коммунал хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида биллинг тизимларини миграция маълумотлари базалари билан интеграция қилишни таклиф этди. Шунингдек, чет элда бир ойдан ортиқ бўлган абонентлар ва улар билан яшовчи шахслар учун Ўзбекистонга қайтиб келгунга қадар ҳар ойлик қайта ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга таклифлар берилди.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси тадбиркорлардан асоссиз ундирилган 5,5 млрд сўмлик тўловлар юзасидан ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига нисбатан иш қўзғатган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.