Қариб қолган куёв: Бурак Ўзчивит “Қуёш чиқадиган жой” сериалидаги роли учун танқидларга сабаб бўлди

Қариб қолган куёв: Бурак Ўзчивит “Қуёш чиқадиган жой” сериалидаги роли сабаб танқид остида қолди
Ҳар бир машҳур турк актёри фаолияти давомида камида бир марта танқидга дуч келади. Чунки ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Аммо Бурак Ўзчивитнинг “Қуёш чиқадиган жой” сериалидаги роли актёр учун жиддий синовга айлангандек кўринади.
Дастлаб сериалда иштирок этиш бўйича шартнома имзоланиши ҳам можаро билан кечган. Кенан образини аслида Уғур Гунеш ижро этиши керак эди. Бироқ сўнгги дақиқада ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бош қаҳрамон ролини Бурак Ўзчивит ўйнаши ҳақида хабарлар тарқалди. “Ҳукмдор Усмон” сериалидаги актёрнинг ҳамкасби эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида машҳур актёр шунчаки ўз хоҳиши билан унинг лойиҳадаги ўрнини “тортиб олгани”га нозик ишора қилди.
Можаро кейинроқ бартараф этилди ва бу тахминни тасдиқловчи далиллар топилмади. Аммо бу Бурак Ўзчивит фаолиятидаги шунга ўхшаш ягона ҳолат эмас. Масалан, “Ҳукмдор Усмон” сериалида у аввалги тарихий лойиҳа — “Тирилиш: Эртуғрул”да бош ролни ижро этган Энгин Алтаннинг сериалда кўринишини истамаган. Шу сабабли актёрни алмаштиришга тўғри келгани айтилади.
Бироқ ҳозир гап ўтган йиллардаги можаролар ҳақида эмас, балки Буракнинг айни пайтда олаётган танқидлари ҳақида кетмоқда. Сериалнинг илк қисми намойиш этилгач, танқидчилар турк актёри Сибел Тащиўғлу ижро этган қаҳрамоннинг ўғлига мутлақо ўхшамаслигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, иккаласи кадрда тенгдошдек кўринади.
Мухлисларнинг эътирозини тушунса бўлади: “Қизил шарбат” сериали юлдузи Сибел Тащиоғлу ҳамкасбидан бор-йўғи 9 ёш катта. Шу сабабли у Буракка она ролида унчалик мос келмайди. Буракни ёшроқ кўрсатишга қанчалик уринилмасин, Сибелни “қаритиш”га эса ҳеч ким уринаётганга ўхшамайди.
Сериал сюжетига кўра, бош қаҳрамон тахминан 27 ёшда бўлиши керак. Аммо томошабинлар фикрича, Бурак Ўзчивит тақиқланган, онаси қарши бўлган севгиси йўлида қийналаётган ёш куёвга эмас, ҳаётда ўз ўрнини топган, икки фарзанднинг отасига ўхшайди.
Танқидлар нафақат актёрнинг ташқи кўринишидаги номувофиқликка, балки унинг ижросига ҳам қаратилди. Томошабинлар фикрича, Кенан ва Лейла ўртасидаги муносабатлар экранда ишонарли акс этмаган. Айримлар эса қаҳрамонлар орасида ҳиссий яқинлик умуман сезилмаганини айтмоқда.
Кўпчилик Бурак Ўзчивит ролни жуда суст ижро этаётганини билдирган. У қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини томошабинга етказа олмаяпти, гўё шунчаки матнни ўқиб, керакли мимикани кўрсатаётгандек.
Томошабинлардан айримлари шундай фикр билдирган:
“Унинг янги сериалидан парчаларни кўрдим, ҳақиқатан ҳам жуда ёмон ижро этяпти”.
“Сериал жуда жўн, Бурак эса унда масхарабозга ўхшайди. Семириб кетган, ёши катта куёв”.
Бурак Ўзчивит ҳам бу танқидларга жавобсиз қолмади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасига сунъий интеллект ёрдамида яратилган тоғ эчкиси суратини жойлаштирди. Бу билан нимани назарда тутгани эса мухлислар учун ҳануз жумбоқ бўлиб қолмоқда.
Туркиялик актёр Жанер Шаҳин ҳамкасби Буракни ҳимоя қилди.
“Мен бу актёрнинг ижроси ҳақидаги танқидларни доим кўриб тураман. Аммо гап энди шунчаки танқидда эмас, у масхара ва ҳақоратгача етиб борди...”
Бироқ Жанернинг ҳамкасбини ҳимоя қилиши хейтерларга ёқмади. Улар актёрни Бурак Ўзчивитнинг яна бир бор “дахлсиз” эканига ишора қилганликда ва муҳокама қилинаётган мавзу орқали омма эътиборини ўзига қаратишга уринганликда айблашди.
“Қуёш чиқадиган жой” сериалининг дастлабки рейтинглари ёмон эмас — Тотал аудиториясида 4,66 фоиз. Бироқ лойиҳа томошабинларни узоқ муддат ушлаб қола оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

