Қадимий тобутлар Хитойдаги қудратли давлат нега заифлашганига ишора қилди
Хитойдаги бешта қадимий тобутнинг ёғоч тахталари таҳлили Шимолий Сун давлатининг заифлашишида узоқ давом этган қурғоқчилик ва совиш муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Тадқиқотчилар иқлим ўзгаришлари ҳосилдорликни пасайтириб, иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий норозиликни кучайтирган деб ҳисобламоқда.

Қадимий тобутлар Хитойдаги қудратли давлат нега заифлашганига ишора берди
Олимлар Хитой жанубидан топилган тобут тахталаридаги дарахт ҳалқаларини текшириб, 805–1150-йиллардаги намлик шароитларини қайта тиклашга ҳаракат қилган.
960–1127-йилларда мавжуд бўлган Шимолий Сун ўз даврининг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлатларидан бири эди. Суғориш технологиялари, такомиллаштирилган меҳнат қуроллари ва янги шоли навлари қишлоқ хўжалиги ўсишига хизмат қилган. Ҳунармандчилик, металлургия, денгиз савдоси ва қоғоз пул муомаласи ҳам тараққий этган.
Аммо 1127-йилда чжурчженлар Сун пойтахтини босиб олиб, императорни асирга олган. Сулола ҳукмронлиги Хитой жанубида давом этган бўлса-да, мамлакатнинг шимолий қисми йўқотилган.
Янги тадқиқот муаллифлари айнан шу мағлубиятгача давлатни заифлаштирган омилларни ўрганган. Улар тобут тахталаридаги турли йилларга оид ҳалқаларда кислород изотоплари нисбатини таҳлил қилган.
Дарахт ёғочидаги кислород-18 миқдори намлик шароитлари ҳақида маълумот беради. Бу кўрсаткичларни солиштириш Хитой жанубида 1080-йиллардан бошлаб ёғингарчилик жиддий ва узоқ муддатга камайганини кўрсатган.
Тадқиқотчилар бу жараённи ҳароратнинг пасайиши билан ҳам боғлаган. Эҳтимолий сабаблардан бири сифатида Жанубий Хитой денгизининг совиши тилга олинган. Бу денгиздан буғланадиган сув ва қуруқликка етиб келадиган намлик миқдорини камайтирган бўлиши мумкин.
Таҳлилларга кўра, 1101-йилдан кейин қурғоқчилик янада кучайган. Ушбу давр ўрганилган 805–1150-йиллар оралиғидаги энг ноқулай намлик шароитлари билан ажралиб турган. Бироқ қўлланган усуллар ўзгаришларнинг аниқ миқдорини белгилаш имконини бермаган.
Тарихий манбалар ҳам шу даврда ҳосилдорлик пасайгани, экин майдонлари қисқаргани ва ХИИ аср бошида Хитой жанубида ситрус дарахтлари оммавий нобуд бўлганини қайд этади. Гуруч нархи эса кескин ошган.
Шимолдаги ҳарбий можаролар учун маблағга муҳтож давлат иқтисодиёт заифлашаётганига қарамай, солиқ тушумларини сақлаб қолишга уринган. Натижада аҳоли зиммасидаги солиқ юки оғирлашиб, норозилик кучайган.
1120-йилда асосий иштирокчилари норози деҳқонлар бўлган Фан Ла қўзғолони бошланган. Хитой тарихий манбаларида қўзғолон ва уни бостириш давомида икки миллион киши ҳалок бўлгани келтирилади. Бу воқеалар давлатга катта харажат келтириб, армияни ҳам заифлаштирган.

