Путин Си Жинпингни Россиядан Хитойга янги газ қувури қуришга яна кўндира олмади
Владимир Путиннинг 31-август куни Бишкекдаги ШҲТ саммитида Си Жинпинг билан ўтказган навбатдаги учрашуви Кремл учун муҳим масала - «Газпром»нинг йўқотилган Европа бозорини алмаштиришга мўлжалланган «Сила Сибири - 2» газ қувурини қуриш бўйича бирор бир ютуққа олиб келмади.

Путин Си Жинпингни Россиядан Хитойга янги газ қувури қуришга яна кўндира олмади
Йилига 50 млрд куб метр қувватга эга бўлган ва Путин томонидан «Сила Байкала» деб қайта номланган янги қувур бўйича музокаралар тўхтаб қолган, деб хабар берди Соутҳ Чина Морнинг Пост нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
«Нарх борасида силжиш йўқ», - деди газетанинг суҳбатдошларидан бири.
Хитой Россия газини мамлакат аҳолиси тўлайдиган нархда, яъни минг куб метр учун тахминан 50 доллар атрофида ёки ҳеч бўлмаганда саноат истеъмолчилари учун белгиланган Россия ички нархида — қарийб 120-130 долларда олишни истамоқда.
Аммо Россиянинг кутганлари бошқача, дейди ССМП манбаси: у нархни белгилашда Пекиннинг «Сила Сибири - 1» гази учун тўлаётган нархидан келиб чиқишни таклиф қилмоқда. Бу нарх минг куб метр учун 250-260 долларни ташкил этади ва у аллақачон «Газпром»нинг узоқ хориждаги бошқа мижозлари учун шартнома нархларига (минг куб метр учун 420 доллар) нисбатан қарийб 40 фоизлик чегирмани ўз ичига олади.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ШҲТ саммити арафасида Си ва Путин биринчи меморандуми 2006-йилда имзоланган ушбу машаққатли лойиҳани яна муҳокама қилишини айтганди. Бироқ учрашув якунлари бўйича расмий коммюникеда газ лойиҳаси ҳақида бир оғиз сўз ҳам йўқ, деб таъкидлайди ССМП.
Путинга Бишкек сафарида ҳамроҳлик қилган Россия энергетика вазири Сергей Сивилёв музокаралардан кейин лойиҳа «қурилишга ўтишнинг якуний босқичида» эканини билдирди. «Вектор Капитал» таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия ҳукумати 2022-йил бошидан бери бундай баёнотларни камида 10-марта берган.
Хусусан, 2022-йил сентабрда Путин газ қувури бўйича битимнинг асосий параметрлари, жумладан, нарх шартлари келишиб олинганини даъво қилган эди. 2023-йил март ойида эса ўша пайтда Энергетика вазирлигига раҳбарлик қилган Александр Новак шартнома «йил охиригача» имзоланишини эълон қилганди. Шундан бери Новак битим «якуний босқичда» экани ва тез орада имзоланишини яна тўрт марта айтди.
Хитойнинг «Сила Сибири - 2» қурилиши ҳақида қарор қабул қилишга шошилишига ҳеч қандай асос йўқ, чунки унинг музокаралардаги позицияси «кун сайин кучайиб бормоқда». «Газпром» илгари Европага йилига 200 млрд куб метргача етказиб берилган газни де-факто бошқа жойга сота олмаяпти. Ҳозир компаниянинг экспорти йилига 70-80 млрд куб метр атрофида бўлиб, бу Россия учун 1980-йиллар ўрталаридан бери энг паст кўрсаткичдир. Европада Венгрия, Словакия ва Греция «Газпром» газини сотиб олишда давом этмоқда, бироқ Европа Иттифоқининг газ эмбаргоси сабаб бу оқимлар ҳам 2027-йилда тўхтаб қолиши мумкин.

