«Пулини тўласам бўлди» деган ота-оналар адашади: “Нима дард?”да бола таълими ва тарбияси мавзуси
«Нима дард?» подкастининг навбатдаги меҳмони, кимё фани ўқитувчиси Жамшид Қаюмов. У замонавий таълимда ота-оналар йўл қўяётган хатолар, хусусий мактаблар ва репетиторларга ортиқча умид боғлаш, болани қийинчиликдан асрашнинг оқибатлари ҳамда яхши ўқийдиган болаларни нима бирлаштириши ҳақида тажрибалари билан бўлишди.

«Пулини тўласам бўлди» деб ўйлайдиган ота-оналар адашади: “Нима дард?”да бола таълими ва тарбияси ҳақида суҳбат
Болага энг зўр хусусий мактабни танлаш, кучли репетитор ёллаш ва таълимга катта пул сарфлаш ҳар доим ҳам яхши натижа бермайди.
Агар болада мустақил ўқиш, қийинчиликка чидаш, хато қилишдан чўчимаслик ва бошлаган ишини охирига етказиш каби кўникмалар шаклланмаган бўлса, қиммат таълим ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин.
Суҳбатда замонавий таълимда ота-оналар йўл қўяётган хатолар, хусусий мактаблар ва репетиторларга ортиқча ишониш, болани қийинчиликдан асраш оқибатлари ҳамда яхши ўқийдиган болаларни нима бирлаштириши ҳақидаги тажрибалар баён қилинди.
Жамшид Қаюмов давлат мактаби, ихтисослаштирилган ва хусусий таълим муассасаларида ишлаган. Унинг айтишича, бу тажриба таълимдаги қизиқ бир ҳолатни кўрсатган: айрим ўқувчилар пул тўлаб бораётган репетиторини мактабдаги ўқитувчисидан автоматик равишда устун қўяди.
У ихтисослаштирилган давлат мактабида ишлаган пайтида дарсни репетиторлик машғулотларидагидек сифатли ўтишга ҳаракат қилганини, бироқ айрим ўқувчилар дарсга эътибор бермаганини эслайди. Сабабини сўраганда эса «менинг репетиторим бор, мен сиздан ўрганмайман» деган жавобни эшитган.
Қаюмовнинг фикрича, бу ерда болада «пул тўланган нарса қимматли, текин нарса қадрсиз» деган нотўғри қараш шаклланган.
«Менинг шахсий фикрим – таълимда бренд бўлмайди. Таълимда илм бўлади ва илмга ихлос бўлади», дейди у.
Мутахассиснинг айтишича, ота-оналар ҳам кўпинча айнан бренд ортидан қувиб, мактаб ёки ўқув марказининг номи боласининг натижасини кафолатлайди, деб ўйлайди. Ҳолбуки, бир хил муассасада ўқиётган болаларнинг натижаси кескин фарқ қилиши мумкин.
Суҳбатда хусусий мактаблардан ота-оналарнинг кутиши ҳам муҳокама қилинди.
Қаюмов ишлаган хусусий мактаблардан бирида ўқувчи масала шартини ўқимасдан ўқитувчидан ёрдам сўраган. У эса аввал матнни ўқиб, нимани тушунганини ўз сўзлари билан айтиб беришни талаб қилган. Ўқувчи бундан норози бўлиб, раҳбариятга шикоят қилган.
Ўқитувчининг айтишича, баъзи ота-оналар хусусий мактабга пул тўлаганидан кейин бола барча вазифаларини ўша ернинг ўзида бажариб, уйга ҳеч қандай масъулияциз қайтишини хоҳлайди.
«Бу мен учун хусусий мактаб эмас, энагали режимга ўхшайди, худди боғча пайтидагидек», дейди у.
Бола катта ҳаётга тайёрланаётган шахс сифатида қийинчиликни ҳам бошидан кечириши керак. Ҳар бир муаммони унинг ўрнига катталар ҳал қилиб бериши мустақиллик ва курашувчанликнинг шаклланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Подкаст бошловчилари ҳам боланинг ҳар қандай салбий ҳиссиётини йўқотишга уриниш тўғри эмаслигини таъкидлади. Дарс қийин келиши, масала чиқмаслиги, асабийлашиш, хато қилиш – ўқиш жараёнининг бир қисми.
Қаюмовнинг фикрича, ота-оналар болани барча қийинчиликлардан ҳимоя қилишга эмас, фойдали ва зарарли қийинчиликни ажрата билишга ўргатиши керак.
Масалан, ёшига мос уй юмушини бажариш ва бунинг учун миннатдорлик эшитиш – фойдали меҳнат. Аммо тирикчилик учун ишлаб, дарс қилишга вақти ҳам, кучи ҳам қолмаслиги – зарарли меҳнат.
Хато ҳам худди шундай. Агар бола хато қилганидан кейин ота-онаси билан бирга уни таҳлил қилса, бу тажриба уни ривожлантиради. Хатоси учун ҳақорат ёки бақириқ эшица, аксинча, хато қилишдан қўрқадиган бўлиб қолиши мумкин.
Мағлубиятга муносабат ҳам муҳим.
Қаюмов ўғлини дзюдо мусобақасига олиб борганида у биринчи беллашувда 3:0 ҳисобида ютқазганини эслайди. Аммо отани натижадан кўра боланинг рақибига қарши етарлича курашмагани ранжитган.
«Хўп, ютқаз, лекин курашиб ютқаз. Мен сенинг биринчи ўрин олишингни талаб қилмайман. Мен сенинг курашишингни хоҳлайман», деган у ўғлига.
Кейинги мусобақада бола яна ютқазган – бу сафар 2:1 ҳисобида. Аммо Қаюмов учун айнан шу 2:1 аввалги натижадан қимматроқ бўлган.
Суҳбатда замонавий ота-оналарнинг яна бир хатоси сифатида болани доимий «қутқариш» одати тилга олинди.
Бола ўқитувчи билан келишолмаса – ота-она аралашади. Дарс қийин бўлса – репетитор алмаштирилади. Мактаб ёқмаса – бошқа мактаб қидирилади. Натижада муаммонинг ўзи болага етиб келмайди ва у уни ҳал қилиш тажрибасини орттирмайди.
Қаюмовнинг кузатишича, сўнгги йилларда ўқувчи мавзу қийинлашиши билан ўқитувчини алмаштириш ҳолатлари кўпайган. Айрим болалар бир ўқув марказида мураккаброқ мавзуларга етганидан кейин бошқа жойга ўтиб, дастурни яна бошидан бошлайди.
Бу эса бир йиллик вақт, пул ва меҳнатнинг йўқотилишига олиб келиши мумкин.
«Ривожланиш ҳар доим оғриқ билан бўлади», дейди ўқитувчи.
Унинг фикрича, бола «қийин бўляпти» дегани учун мактаб ёки ўқитувчини дарҳол алмаштириш керак эмас. Аксинча, ўқитувчи болани ишлашга мажбур қилаётган, ундан фикрлашни талаб қилаётган бўлса, ота-она шу жараёнда болани қўллаб-қувватлаши керак.
Қаюмов мактабни алмаштириш керак бўладиган ҳолатни ҳам тушунтирди.
Ота-она фақат кундаликдаги баҳоларга қарамаслиги керак. Айниқса, хусусий мактабларда баҳолар сунъий равишда юқори қўйилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, бола ҳақиқатан дарс жараёнида иштирок этяптими, фикрини айта оляптими, савол беряптими, ўқитувчи уни фикрлашга ундаяптими – шуни кузатиш муҳим.
Агар бола йиллаб дарсда пассив ўтирса, унга ҳеч ким эътибор бермаса, яхши баҳолар қўйилиб, доим мақталса-ю, амалда билими ва фикрлаш қобилияти ривожланмаса, мактабни алмаштириш ҳақида ўйлаш мумкин.
Аммо ўқитувчи болани қийин саволлар билан ишлашга мажбур қилаётгани учун бола норози бўлса, бу бошқа ҳолат.
Суҳбатда ота-оналарнинг болани мақташ усули ҳам муҳокама қилинди.
Қаюмовнинг фикрича, болага доим «сен энг ақллисан» дейиш ҳам кутилмаган салбий оқибатга олиб келиши мумкин. Чунки бола кейинчалик ўзининг «ақлли» деган мақомини йўқотишдан қўрқишни бошлайди.
Мураккаб вазифа олдида «агар хато қилсам, демак ақлли эмас эканман» деган ички қўрқув пайдо бўлади. Натижада у қийин вазифадан қочиши, осон йўлни танлаши ёки хатосини яширишга уриниши мумкин.
Шунинг учун натижани ёки туғма қобилиятни эмас, жараённи ва меҳнатни мақташ керак.
«Сен энг ақллисан, дейиш керак эмас. Унинг ўрнига меҳнатни қадрлаш керак. “Сен энг меҳнаткашсан”, дейиш керак», дейди Қаюмов.
Қаюмов ўз ўқувчилари орасида юқори натижа кўрсатаётган болалар ва уларнинг оилаларини ўрганганини айтади.
Унинг кузатувига кўра, бундай болаларнинг катта қисми билан ота-онаси кичиклигидан мунтазам шуғулланган: китоб ўқиган, ўқиганини қайта гапиртирган, саволлар берган ва болани мустақил фикр билдиришга ўргатган.
У ўз оиласида ҳам шу усул қўлланишини айтади. Боласи билан китоб ўқилади, кейин ундан мазмунни қайта айтиб бериш сўралади. Қаҳрамон яхши ёки ёмон экани, нега шундай деб ўйлаётгани ҳақида савол берилади.
Қаюмовнинг ўзи ҳам болалигида онаси билан худди шундай шуғулланган.
Уй вазифасини ўқиб бўлгач, онасига айтиб бериши керак бўлган. Гапиришга қийналса, онаси аввал ойна қаршисига бориб, ўзига гапириб машқ қилишни буюрган. Кейин келиб онасига қайта айтиб берган.
Унинг фикрича, боланинг матнни ўқиб тушуниши, фикрини тузиб гапириши ва таҳлил қилиши бир кунда пайдо бўлмайди – бу кичиклигидан шакллантириладиган кўникма.
Қаюмовнинг таъкидлашича, айрим ота-оналар бола катта бўлганидан кейин уни яхши репетиторга ёки қиммат хусусий мактабга берса, шу билан таълим масаласи ҳал бўлади, деб ҳисоблайди.
«Фарзандим катта бўлганда репетиторга бераман, хусусий мактабга бераман, пулини тўласам бўлди, деб ўйлаётганлар адашади», дейди у.
Унинг фикрича, болада ўқишга нисбатан «иммунитет» анча олдин шаклланиши керак. Ўқиш, савол бериш, тушунмаган нарсасини қайта кўриш, қийин вазифа олдида дарров таслим бўлмаслик каби одатлар бўлса, бола давлат мактабида ўқиса ҳам яхши натижа кўрсатиши мумкин.
Аксинча, бу кўникмалар бўлмаса, хусусий мактабда эрталабдан кечгача ўтириш ҳам натижа кафолати эмас.
Суҳбатда таълим марказлари ва хусусий мактабларнинг рекламадаги юқори натижалари ҳақида ҳам сўз борди.
Қаюмов «100 фоиз натижа» деган даъволарга эҳтиёткорлик билан қараш кераклигини таъкидлади. Масалан, марказда 500 нафар ўқувчи бўлиши, улар орасидан энг кучли 30 нафари алоҳида гуруҳга саралаб олиниши ва айнан шу гуруҳнинг натижаси реклама қилиниши мумкин. Қолган юзлаб ўқувчиларнинг натижаси эса кўринмай қолади.
Шунинг учун ота-она бренд, реклама ёки сертификатлар сонига эмас, айнан ўз фарзанди билан қандай ишланаётганига қараши муҳим.
Ота-оналар орасидаги яна бир босим – фарзанд мактабни тугатган йилиёқ олийгоҳга кириши шарт, деган қараш.
Суҳбат иштирокчиларининг фикрича, болада базавий билим, матнни тушуниш, мустақил фикрлаш каби зарур кўникмалар етишмаса, уни бир йил ичида ҳар қандай йўл билан университетга киритишга уриниш тўғри эмас.
«Бу йил кирмаса, осмон узилиб ерга тушмайди. Икки йилдан кейин, уч йилдан кейин кирса ҳам ҳали ёш», деган фикр билдирилди суҳбатда.
Муҳими – дипломни тезроқ олиш эмас, кейинги босқичда ўқий оладиган ва ўз соҳасида рақобатлаша оладиган даражага етиб бориш.
Подкастда таълим фақат кимё, математика ёки биологияни ўргатишдан иборат эмаслигига ҳам урғу берилди.
Бошлаган ишини охирига етказиш, қийинчиликдан қочмаслик, хато қилганда уни тан олиш, ёлғон билан вазиятдан чиқиб кетишга уринмаслик, одамлар билан мулоқот қила олиш – буларнинг барчаси кейинчалик инсон ҳаётига кўчадиган кўникмалар.
Қаюмов бугунги айрим ўқувчиларда мулоқот маданияти ҳам пасайганини айтади. Кичик ноқулайлик туғилиши билан муҳитни алмаштириш, одам билан гаплашиб муаммони ҳал қилиш ўрнига муносабатни узишга мойиллик кузатилади.
Суҳбатда бу ҳолат ижтимоий тармоқлардаги «ёқмаса – блок» маданиятининг реал ҳаётга кўчиши билан ҳам изоҳланди.
Шунинг учун болага яхши мактаб топиб бериш ёки репетиторга пул тўлаш билан ота-онанинг вазифаси тугамайди. Таълимнинг бошланиш нуқтаси барибир оила бўлиб қолаверади.
Бола билан китоб ўқиш, уни гапиртириш, фикрини сўраш, хатосини бирга таҳлил қилиш, қийинчиликдан дарров олиб чиқиб кетмаслик ва меҳнатини қадрлаш – катта маблағ талаб қилмайди. Аммо суҳбат иштирокчиларининг фикрича, айнан шу оддий ишлар кейинчалик қиммат хусусий мактаб ёки кучли репетитордан ҳам муҳимроқ пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкин.

