“Пул ўтказмаларини 50 млрд долларга етказмагунча қўймайман”. Президент — меҳнат миграцияси ҳақида
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга йиллик пул ўтказмаларини 50 млрд долларга етказиш зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда фуқаролар 20 млрд доллардан ортиқ пул юбормоқда, бунда давлатнинг ёрдами деярли йўқ. У меҳнат муҳожирларни етарлича қўлламагани учун ҳокимлар ва элчиларни танқид қилди.

“Пул ўтказмаларини 50 млрд долларга етказмагунча қўймайман”. Президент — меҳнат миграцияси ҳақида
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2-ноябр куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда хориждан келадиган пул ўтказмаларининг йиллик ҳажмини 50 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди.
Давлат раҳбари меҳнат миграциясидаги мавжуд имкониятлардан етарли даражада самарали фойдаланилмаётганини айтиб, бу соҳадаги давлат сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқишга чақирди.
“Экспортни 70 млрд қилганимиздек, бир йилда бу йўналишда ҳам 50 млрд доллар пул хонадонларга кириши керак. Буни қандай қилишни ҳам мен бугун тушунтириб бераман”, — деди президент.
Унинг таъкидлашича, хорижда ишлаётган фуқароларнинг даромадини ошириш нафақат уларнинг оилалари фаровонлигини яхшилайди, балки мамлакатни халқаро тажрибага эга мутахассислар билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.
“Тасаввур қилинг, ёшларимиз 50 млрд долларни уйига олиб келса вазият қандай ўзгаради. Бундан ташқари ёшларимиз четда ишлаб келиб, малака олиб келади, янгича услубларни олиб келади, чет элда эса байроғимизни ўрнатиб, машъаламизни ёқиб келади”, — деди Мирзиёев.
Президент кўплаб давлатларда хорижий ищи кучига эҳтиёж борлигини, бироқ Ўзбекистон ўз фуқароларини четга фақат зарур касбий ва тил тайёргарлигидан кейингина юбориши кераклигини қайд этди.
“Ёшлар мактабдаёқ ва уни тамомлаганидан кейин камида битта хорижий тилни ва битта касбни мукаммал эгаллаши учун ким масъулиятни ўз зиммасига олади? Ҳеч ким олмаяпти”, — деди у.
Шавкат Мирзиёев меҳнат миграциясини таъминлашда давлат органларининг ўрнига алоҳида тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони икки баробарга камайган, улар юбораётган пул ўтказмалари эса тўрт баробарга ошган.
“Ҳозир улар жўнатаётган маблағ 20 млрд доллардан ошди. Шуни 50 млрд долларга олиб чиқсак мен сизлардан рози бўламан”, — деди президент.
Шу билан бирга, у пул ўтказмаларининг ўсиши асосан меҳнат мигрантларининг ўз саъй-ҳаракатлари ҳисобига таъминланаётганидан норози бўлди.
“Мигрантларимиз жўнатаётган 20 млрд доллар пул ўтказмаларида ҳозир давлатнинг ҳиссаси йўқ. Улар ҳаммасини ўзи, бир ўзи юриб қиляпти. Мен бу кўрсаткични 50 млрд долларга етказмагунча қўймайман”, — деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари элчилар, ҳокимлар ва техникумлар раҳбарларининг фаолиятини ҳам танқид қилди.
“Энди саволга жавоб берайлик: бугунги кунда фуқароларимиз хорижда топаётган ўша 20 млрд долларда элчилар, ҳокимлар ва техникум раҳбарларининг ўрни қандай?” — деди у йиғилиш қатнащиларига.
Президент қайси ҳоким хорижга сафарлари чоғида рекрутинг компаниялари билан шартномалар тузганини сўради.
Унинг айтишича, бу йўналишда фақат шахсан Германияга бориб келган Қашқадарё вилояти ҳокими аниқ натижаларга эришган. “Ваҳоланки, мен ҳаммага бир хил топшириқ бераман”, — деди Мирзиёев.
Президент ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хорижда камида 2000 доллар топиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Ёшларимизни касбга ўргатмай туриб, уларни катта бир уммонга чиқишга мажбур қиляпсизлар. Камида 2000 доллар топиши керак. 400 долларга мигрантлар чет элда ишлаётгани сизларнинг ғурурингизга тегмаса, менинг ғуруримга тегади. „Қаердансизлар?“ деб сўрашса, „Ўзбекистонданмиз“ дейишади”, — деди давлат раҳбари.
Мирзиёев фуқароларни хорижий меҳнат бозорига тайёрлаш ёндашувини ўзгартириш зарурлигини урғулади. Унинг сўзларига кўра, ёшлар мактабни битираётган пайтга келиб камида битта хорижий тилни билиши ва касбий кўникмаларга эга бўлиши лозим.
Президент, шунингдек, малакали мутахассисларга талаб юқори бўлган мамлакатлардаги Ўзбекистон элчихоналарининг фаолияти етарли эмаслигини айтиб ўтди.
Хусусан, мамлакатда инглиз тилини билиш бўйича сертификат олган қарийб 200 минг нафар ёш бор. Бироқ, давлат раҳбарининг баҳосига кўра, уларни инглиз тилида сўзлашувчи давлатларда иш билан таъминлаш имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти.
“Элчихоналар нима учун керак? Ўзбекистон халқининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун. Ҳар бир элчи ҳар куни ўзига: мен бугун Ватаним учун нима қиламан, деган саволга жавоб топиши керак”, — деди президент.
У элчихоналар нафақат фуқароларга иш топишда ёрдам бериши, балки улар бошқа давлатга боргач ҳам — янги иш жойига мослашгунига қадар уларга ҳамроҳлик қилиши кераклигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев меҳнат мигрантларига муносабат ҳақида сўз юритар экан, уларнинг оилалари фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
“Чет элда ишлаётган мигрантларимиз — фарзандларини келажаги учун меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлар. Бир вақтлар бу инсонларнинг номини қоралаб келдик. Лекин уларга қандай шароит яратиб бердик деган саволни ўзимизга бермадик”, — деди президент.
У чет элда ишлаётган бирорта ҳам Ўзбекистон фуқароси ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслиги кераклигини таъкидлади.
Ҳокимларга меҳнат мигрантлари оилаларининг фаровонлигига, уларнинг ота-оналарининг яшаш шароитларига ва фарзандларининг таълим олишига эътибор қаратиш топширилди.
Президент, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарнинг хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги масъулиятини оширишни талаб қилди.
Мирзиёевнинг айтишича, меҳнат миграцияси географиясининг ўзгариши аввало фуқароларнинг иқтисодий манфаатдорлиги ва юқорироқ даромад олиш имконияти билан боғлиқ бўлиши керак.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025-йилда хориждан Ўзбекистонга жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари ҳажми 18,9 млрд долларга етган ва 2024-йилга нисбатан 28 фоизга ёки 4,1 млрд долларга ошган.
Ўсиш меҳнат миграцияси мамлакатларида ищи кучига бўлган барқарор талаб, иш ҳақининг кўтарилиши, айрим давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши ва ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш географиясининг кенгайиши билан изоҳланади.
2026-йилнинг январ-июн ойларида пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ёки 1,1 млрд долларга кўпдир. Бунда ўтказмаларнинг энг катта ўсиши Буюк Британиядан — 62 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 27 фоизга ва АҚШдан — 19 фоизга кузатилди.
Марказий банк бу ҳолат меҳнат миграцияси географиясининг босқичма-босқич диверсификация қилинаётганидан далолат беришини таъкидлаган. Шу билан бирга, Россия ўзбекистонликларни иш билан таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
2026-йил апрел ойида президентга қилинган тақдимотда 40 га яқин давлатда Ўзбекистоннинг 1,2 млн нафарга яқин фуқароси меҳнат қилаётгани маълум қилинган эди. Ўшанда хорижий иш берувчилардан керакли тил ва касбий кўникмаларга эга 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисга талабнома келиб тушгани ҳам қайд этилган.
Ушбу талабни қондириш учун “касб+тил” тамойили асосида ўқитиш дастурларини кенгайтириш, хорижий компаниялар билан қўшма лойиҳалар сонини 12 тадан 20 тагача ошириш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш қамровини кенгайтириш таклиф этилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида талаб юқори бўлган 12 та касб ва 7 та хорижий тил бўйича халқаро имтиҳонларни топшириш имконини берадиган мақсадли тайёргарлик марказини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилган.
Президент 2025-йил ноябридаёқ “Хорижда иш” электрон платформасини такомиллаштириш, Миграция агентлигининг хориждаги фаолиятини кенгайтириш ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро битимлар тузишни тезлаштириш юзасидан топшириқлар берган эди.
Август ойида Миграция агентлиги Ўзбекистоннинг 1,4 миллионга яқин фуқароси дунёнинг 40 га яқин мамлакатида меҳнат қилаётганини маълум қилганди.

