Лайфстайл

“Пул кетидан қувиб, фарзандимнинг болалигини ўтказиб юбордим”. Феруза Собитова турмуш ўртоғи билан ажрими ва ўғлининг тарбияси ҳақида

“Пул кетидан қувиб, фарзандимнинг болалигини ўтказиб юбордим”. Феруза Собитова турмуш ўртоғи билан ажрими ва ўғлининг тарбияси ҳақида

Актриса Феруза Собитова “Даракчи” нашрининг ЁуТубе саҳифасига берган интервюсида тадбиркорлик фаолияти, психология бўйича ўрганишлари, қизлик фамилиясига қайтиш режаси, шунингдек, ўғлининг тарбияси ва келажакка доир қарашлари ҳақида гапириб берди.

“Фарзандим кичиклигида пулнинг орқасидан югуриб, унинг болалик йилларини ўтказиб юборибман”

— Болам туғилганидан бери 10 йил пулнинг ортидан югуриб, вақтнинг қандай ўтиб кетганини сезмай қолибман. Фарзандим 10 ёшга тўлганда “қачон шунча вақт ўтиб кетди?” деб ўйлаб қолдим. Уни ширин пайтида энагага топшириб, ўзим пул топиш учун югуриб юрардим. Энаганинг пулини бериш керак, болани боқиш керак, деб пулнинг ортидан қувган эканман. Болам 10 ёшга тўлганда у билан бирга бўлишни, онамга, оиламга кўпроқ вақт ажратишни ўйлай бошладим. Аммо айнан шу пайтда соғлиғимда муаммо пайдо бўлди. Соғлиғимдаги муаммо сабаб кейинчалик бутунлай бошқа йўналиш — психологияни ўрганишга киришдим.

“Ҳозирги кунда тадбиркорлик билан шуғулланяпман”

— Ҳозир ўзимнинг бизнесларим бор. Актрисаликдан кўра кўпроқ тадбиркорлик билан шуғулланяпман. Бир куни ўтириб, қачонгача шундай югуриб юришим ҳақида ўйладим. Ўзимга “қачонгача шундай югурасан, актрисаларнинг ҳаёти қандай бўлар? 60 ёшингда ҳам пул учун югуриб юрасанми?” деган саволларни бердим. Аксинча, бу ёшда маза қилиб ўтиришинг, пулнинг ўзи олдингга келиши керак. Билим олишга киришганимдан кейин шу каби фикрлар миямга келаверди. Шундан кейин ёшим катта бўлаётганини ҳисобга олиб, ҳаракатимни қила бошладим.

Ёши катта актрисаларни кузатдим, энди ҳаёт-да, балки мажбурдир, пул керак бўлгани учун чарчаса ҳам югуради. Биз аёлларга пулнинг орқасидан кўп югуриш, чарчаш буюрилмаган. Аксинча, бизлар маза қилиб яшашимиз керак, дейди актриса.

“Ўзгаришимга сабабчи бўлганларга раҳмат дейман”

— Қалб кўзимиз ўзидан ўзи очилмайди. Қачонки шундай бир вазиятга тушасиз, энг яқин инсонларингиз сотиб кетади ёки кимгадир ишонасиз, ишонганингиз бошқа одам бўлиб чиқади. Ана шунақа пайтда тушкунликка тушганимда менда нимадирлар ўзгара бошлади. Ўшанда бунинг учун йиғлаб-сиқтаб юрардим. Булар учун йиғлаганим нотўғри бўлган экан. Аслида ўсиш вақтим келгани учун шундай бўлган экан. Ҳозирги кунда ўша инсонларга раҳмат дейман. Агар ҳаётимда шундай кескин бурилиш бўлмаганда, бу даражага ўсмаган бўлардим, дейди у.

“Фарзандимга уй, машина олиб бермайман”

— Кўп ота-оналар боласига мерос қолдиргиси келади. Уй, автомобиллар олиб беради. Мен ўғлимга бундай қилмайман. Чунки болангизга буларни олиб берсангиз, бола унинг қадрига етмайди. Ўзи аслида фарзанд ҳам меники эмас, Аллоҳники. Шундай экан, ҳар бир фарзанд ўзининг пешонасида ёзилган умри, ризқи ва тақдири билан келади. Менинг вазифам боламга Аллоҳни танитишдан иборат. Асосий инвестицияни унинг билим олишига сарфлайман. Қаерга бораман, ўқийман, деса, “хўп”, дейман. Ўқиши ва жисмонан соғлом бўлиши учун пулимни аямайман. Чунки болада оддий қон айланиши яхши бўлмаса ҳам унда дангасалик пайдо бўла бошлайди. Шунинг учун ўғлимни спорт машғулотлари билан ҳам шуғуллантираман, дейди Феруза Собитова.

“Ўғлимга ҳам она, ҳам отаман”

— Ҳозир ўғлимни ҳам она, ҳам ота сифатида тарбиялаяпман. Тақдиримизда борини кўрамиз. Демак, тақдиримда фарзандимни отасиз катта қилиш битилган экан. Шунинг учун фарзандим учун масъулиятни бўйнимга олдим. Аввал боламни отасиз катта қилганим учун, “эртага менга нима дейди”, деб ўйлаган вақтларимда у менга “ойи, яхшиямки отам йўқ. Чунки агар дадам бўлганида мен эркатой бўлардим. Ҳозир эса ундай эмас”, дерди. 14 ёшли ўғлим масъулиятли бўлгани учун 20-30 йиллик мақсадларини ёзиб қўйган. Аквариумда балиқларни боқади. Олти ёшида уйимизнинг олдида ўқув қуролларини сотарди. Унинг жуда катта мақсад ва ниятлари бор. Баъзида ўзим ҳам ундан жуда кўп нарса ўрганаман. Худди ойнадай ичимдаги ҳолатни айтиб беради. У ўзимга бўлган ишончимнинг пастлигини билиб, “ойи, сиз Феруза Собитовасиз. Бу даражага етишингиз осон бўлмаган. Шунинг учун гонорарингизни кўтаринг. Ҳар ёққа борманг”, дейди ўғлим.

“Эрим билан ажрашишимга ўзим айбдорман”

— Имронхоннинг дадаси билан ажрашишимизда кўпроқ мен айбдорман, деб ўйлайман. Чунки ўша пайтларда менда эркак киши билан муносабатлар ҳақида етарлича билим бўлмаган. Эркак киши оилани боқиш ва пул олиб келишга мажбур, деб ўйлардим. Балки унинг пули йўқдир, балки ишида нимадир бўлгандир. Пули йўқлигини айца, унга ишонмасдим. Худди пулини оиласига сарфлашни хоҳламаётгандек ўйлардим. Ёш бўлганим учун уни тушунишни хоҳламасдим. Вақти келганда эркак кишини ҳам тушуниш ва севиш керак. Чунки у ҳам севилишни яхши кўради.

“Собиқ эрим машҳур актёр бўлмаган”

— Нима учундир ҳамма турмуш ўртоғимни машҳур актёр деб эшитган экан. Лекин ўғлимнинг отаси актёр эмас, тадбиркор бўлган. Ҳозирги кунда фарзандим билан муносабати йўқ. Чунки вақтида уни қаттиқ хафа қилиб, ҳамма эшикларни маҳкам ёпганман, дейди актриса.

“Тез орада фамилиямни ўзгартираман”

— Яқин орада фамилиямни ўзгартириб, қизлик фамилиямга қайтаман. Ҳозиргача собиқ эримнинг фамилиясида юрибман. Бундан буёғига ўзимнинг фамилиямга ўтишим керак. Фамилиям учун бобомнинг исмини олсам, Жумаева бўламан, агар фамилиясини олсам, Муҳиддинова бўламан. Аммо ҳозирча қайси бирини танлашни билмайман, дейди у.

“Ролларим ҳаётимга кўчгани учун ссенарий танлайдиган бўлдим”

— Аввал бошида бой аёллар ролини ўйнаган пайтларимда кўп пулимни кийинишга сарфлаб юборардим. Бир куни “камбағалларнинг ролини ижро этаман, шунда кийимга сарфланаётган пулим ёнимда қолади”, дедим. Ўша пайтлар буни яхши тушунмаганман. Камбағалларнинг ролини ўйнаганимдан сўнг менда молиявий инқироз бошланди. Касалларнинг ролини ўйнаганимдан кейин касал бўлдим. Шундан сўнг тушундимки, кинода ўйнаган ролларим ҳаётда ҳам содир бўлар экан. Шундан буён аввал ссенарийни ўқиб чиқаман. Агар ролим касал ёки ёмон бўладиган бўлса, таклифни рад этаман. Яқинда ўғли наркоман бўладиган она образига чақиришди. Ҳеч бир иккиланишсиз таклифни қабул қилмадим, дейди актриса Феруза Собитова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.