«ПСЖ» «Барса»га ҳам 4 та гол урди, «Сити» Ҳоландсиз йирик ғалабага эришди
Сешанба оқшомида ЕЧЛнинг 3-тури доирасида ўтказилган ўйинлар, голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

«ПСЖ» «Барса»га ҳам 4 та гол урди, «Сити» Ҳоландсиз йирик ғалабага эришди
Парижликлар кузнинг энг муҳим учрашувида ғалаба қозонди, бироқ жиддий йўқотишларга ҳам учради; Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ ўйнаган, Ҳоланд захирадан ҳам тушмаган баҳсда «Сити» 5 та гол уриб ютди; «Ливерпул» эса 7 гол урилган ўйинда камбек қилди; Раҳмоналиев ва жамоаси «Боруссия»га мағлуб бўлди.
«Барса»нинг ғалабали серияси якунланди
«ПСЖ» – «Барселона» 4:2
Голлар:
Дуе, 38 (1:0). Эспарт, 55 (1:1). Эрнандез, 72 (2:1). Ямал, 79 (2:2). Витиня, 81 (3:2). Руис, 87 (4:2)
«ПСЖ»: Сафонов, Маркиниос (Забарний, 59), Пачо, Эрнандез (Маюлу, 78), Ҳакими, Руис, Витиня, Жоау Невеш, Кварацхелия (Аклиуш, 59), Дуе (Заир-Эмери, 78), Дембеле (Торрес, 20)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу, Эспарт (Балде, 74), Педри (Гави, 60), Бернал (Родри, 60), Олмо (Фермин Лопес, 27), Ямал, Гордон, Рафиня (Адееми, 60)
Огоҳлантириш: Жоау Канселу, 17
Мухлислар бу баҳсдан катта умид қилишганди ва жамоалар амалда ҳам томошабоп футбол намойиш этишди. Хвича Кварацхелия илк дақиқадаёқ дарвоза устунини нишонга олди. Ўйин давомида каталонияликлар посбони Жоан Гарсия жами саккизта сейв амалга оширишига тўғри келди. Парижликлар эса учрашув охиригача дарвоза томон йўлланган зарбалар сонини 14 тага етказишди.
Бироқ биринчи бўлимда голлардан кўра жароҳатлар кўпроқ бўлди. Аввал Усмон Дембеле, ундан кейин Дани Олмо жароҳат олиб майдонни тарк этди.
Уларнинг ўрнига захирадан тушган Ферран Торрес ва Фермин Лопес эса имкониятлардан фойдалана олишмади. Фақат бўлим охирида Дезире Дуе ўз маҳоратини кўрсатиб, ҳимоячилар орасида туриб қайтариб бўлмас зарба билан ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим бошида эса каталонияликларнинг 19 ёшли ҳимоячиси Ҳави Эспарт ўнг қанотдан олдинга чиқиб, ҳисобни тенглаштирди. Ўтказилган голдан сўнг мезбонлар кетма-кет нохуш ҳолатларга дуч келди. Маркиниос ва Хвича жароҳат олиб майдонни тарк этишди. Грузиялик вингернинг жароҳати жиддий экани ва у мавсум охиригача сафга қайта олмаслиги айтилмоқда.

