“Профилактика тадбирлари фуқароларнинг шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим” — омбудсман

“Профилактика тадбирлари фуқароларнинг шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим” — омбудсман
Шаҳрисабз тумани ҳокимининг фуқаро уйига кириб, хонадоннинг санитария ҳолатини танқид қилгани ва жарима солишни буюргани акс этган видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан омбудсман Феруза Эшматова “Дарё” нашрига ўз фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, омбудсманнинг позицияси доимий равишда ўзгармасдир: ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахснинг фаолияти инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш тамойилига асосланиши шарт.
Ободонлаштириш, санитария ёки профилактика тадбирлари ўтказилиши мумкин, бироқ улар фуқароларни уялтириш, камситиш ёки уларнинг шахсий ҳаётига ҳаддан ташқари аралашиш эвазига амалга оширилмаслиги керак. Агар бу жараёнда фуқаронинг ҳуқуқлари бузилгани ҳақида мурожаат келиб тушса, омбудсман уни ўз ваколати доирасида ўрганиб чиқади, деди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил.
**Воқеа тафсилотлари:**
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокимининг фуқаро уйига кириб боргани акс этган видео тарқалди. Видеотасвирда туман ҳокими хонадонга кириб, уй эгасига яшаш жойини қандай тутиш кераклигини уқтиргани, уйнинг санитария ҳолатини танқид қилиб, видеотасвир маҳалланинг Телеграм гуруҳига жойланишини айтгани кўринади.
Ҳоким шундай дейди: “Эртага шу рўзғорга, масалан, ънормалнийъ одам келин бермайди. Бугун каналга қўйилади ҳозир. Мана шу маҳалла каналида ўзингизни кўрасиз. Анави қўшнингизни ҳам олдик.”
Шунингдек, ҳоким хонадондаги шароитни ўз рўзғори билан солиштирган ва бу уйдан ҳеч ким келин олмаслигини таъкидлаган.
Уй ичкарисига кирган ҳоким фуқаронинг тушда дам олишини ҳам танқид қилиб, ўзининг ишлаётганини мисол қилган. Видео сўнгида ҳоким ушбу хонадон вакилларига жарима солишни буюрган.
“Дарё” сўровидан кейин Шаҳрисабз ҳокимлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди. Маълум қилинишича, юзага келган тушунмовчилик маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қайси фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаган.

