Маҳаллий

Президент “Ёнбош” ва “Эркиндарё” каналларини 1-мартгача бетонлаш бўйича топшириқ берди

Президент “Ёнбош” ва “Эркиндарё” каналларини 1-мартгача бетонлаш юзасидан топшириқ берди

Қорақалпоғистондаги 417 минг гектар экин майдонини суғоришга 5 миллиард 700 миллион куб метр сув сарфланмоқда. Йўқотишлар эса 38 фоизни, яъни 2 миллиард 100 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Тўрткўлдаги “Ёнбош” каналидан йилига ўтадиган 115 миллион куб метр сувнинг 44 миллион куб метри йўқотилмоқда. Канал тўлиқ бетонланса, яна 9 минг гектарга сув етказиш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкин.

Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналининг 8 километрини бетонлаш ҳисобига фойдаланиладиган ер майдони 3 минг гектарга кенгаяди, 15 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. 3 та сув иншооти ва 22 та артезиан қудуқ қурилиши яна 5 минг гектар озуқа майдонини яратиш имконини беради.

Бу ишлар учун жами 135 миллиард сўм ажратиш, икки канални 1-мартгача бетонлаш топширилди. Тўрткўл ва Бўзатовда келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш вазифаси белгиланди.

Сув обьектларини модернизация қилиш учун Япониядан 4,5 миллион доллар грант жалб қилингани ижобий тажриба сифатида қайд этилди. Келаси йил бундай грантларни 100 миллион долларга етказиш топширилди.

Ўтган йили 30 миллиард сўм эвазига 276 та сув насоси энергия тежамкорига алмаштирилиб, йилига 16 миллион киловатт-соат электр тежалмоқда. 1-апрелгача Қорақалпоғистондаги 59 та, қолган вилоятлардаги яна 200 та насос янгиланади.

Қорақалпоғистонда 4 миллион 300 минг гектар яйлов ери мавжуд. Шундан 2,5 миллион гектаридан аҳоли даромадини ошириш ва чорвани кўпайтириш учун етарлича фойдаланилмаяпти.

“Беруний Агростар” Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда айланмадан чиққан 2 минг гектар ерни тиклаб, озуқа етиштиришга мослаштирмоқда. Келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бу 14 минг бош қорамол учун озуқа базаси бўлади.

Бўзатовда ҳам 7,5 минг гектар ерни озуқага мослаштириш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича ўн кунда қарор киритиш топширилди.

Миср тажрибасини ўрганиш учун 200 дан зиёд фермер, жумладан, қорақалпоғистонлик 26 нафар фермер ушбу давлатга юборилган. Дастлабки босқичда Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар майдонида Миср тажрибаси йўлга қўйилади.

Чўл ҳудудларида озуқа етиштиришни кўпайтириш учун Мисрдан мутахассислар ва технологиялар жалб этилади. Чорвачилик учун Осиё тараққиёт банкидан олинаётган 60 миллион доллар кредит ва 8 миллион доллар грант биринчи навбатда шу лойиҳага йўналтирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.