Президент ва номли давлат стипендияларига ҳужжатлар қабули бошланди

Президент ва номли давлат стипендияларига ҳужжатлар қабули бошланди
1-августдан бошлаб Ўзбекистонда Республика номли ҳамда Президент давлат стипендияларига ҳужжатлар қабул қилиш жараёни старт олди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Ҳужжатлар 15-августга қадар my.edu.уз платформаси орқали электрон шаклда қабул қилинади. Танловда олий таълим муассасасининг биринчи босқич саралашидан муваффақиятли ўтган иқтидорли бакалавриат талабалари иштирок этишлари мумкин.
Президент давлат стипендиясига номзодларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари фақат “5” баҳодан иборат бўлиши шарт. Республика номли давлат стипендияларида эса “4” баҳолар улуши 25 фоиздан ошмаслиги, “3” баҳоси мавжуд талабалар танловда иштирок эта олмаслиги белгиланган.
Номзодлардан академик маълумотнома (транскрипт), деканат ва кафедра тавсияномаси, илмий ёки ижодий иш раҳбарининг тавсияномаси, илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхалари, шунингдек, тарих ҳамда чет тиллари бўйича суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномалар талаб этилади.
Шунингдек, Президент давлат стипендиясига ҳужжат топшираётган бакалавриат талабалари камида иккита эълон қилинган илмий мақола, тезис ёки бошқа илмий-тадқиқот ишига эга бўлишлари лозим.
Ҳукуматнинг 6-январ кунги қарори билан 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Президент ва номдор давлат стипендияларига номзодлар учун янги саралаш тартиби жорий этилганди. Унга кўра, талабгорлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ва чет тиллари бўйича махсус тест синовларини топширади. Тестлардан ўтиш учун максимал баллнинг камида 55 фоизини тўплаш талаб этилади.

