Маҳаллий

“Президент совғаси”да нималар бор? Биринчи синф ўқувчилари учун ўқув қуролларини етказиш бошланди

**"Президент совғаси"да нималар бор? Биринчи синф ўқувчилари учун ўқув қуролларини етказиш бошланди**

2026/27-ўқув йили учун мўлжалланган "Президент совғалари"ни биринчи синф ўқувчиларига етказиш ишлари ҳудудларда бошланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда "Дарё" мухбири ҳам иштирок этиб, жараён билан яқиндан танишди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ўқув қуроллари 15-августга қадар мамлакатнинг барча ҳудудларига, 25-августга қадар эса қабул қилинган биринчи синф ўқувчилари сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказиб берилади. "Президент совғалари" "Биринчи қўнғироқ" тадбирларидан сўнг ўқувчиларга тантанали тарзда топширилади.

Биринчи синф ўқувчилари учун тайёрланган "Президент совғаси" 12 турдаги ўқув қуролидан иборат. Тўпламга ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, 2 та оддий қалам, рангли қаламлар тўплами, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, 2 та ўчирғич, рангли акварел бўёқлари, елим ва қаламдон киритилган.

Ўқув қуроллари давлат мактаблари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабларда таҳсил оладиган биринчи синф ўқувчиларига ҳам етказилади. Ҳар бир болани ўқув қуроллари билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида adm.maktab.уз электрон платформаси орқали мактаблар кесимида ўқувчилар рўйхати шакллантирилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродовнинг сўзларига кўра, "Ўтган йилларда болаларга берилган ъПрезидент совғасиънинг сифати ва чидамлилиги бўйича ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказдик. Уларнинг фикрлари асосида маҳсулотлар сифати ва чидамлилигига алоҳида эътибор қаратилди, барча ўқув қуроллари белгиланган стандартлар ҳамда санитария меъёрлари асосида текширилди. Шунингдек, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан бу йил биринчи синф ўқувчиларига давлат рамзлари тасвирланган брелок ҳам топширилади. Бу орқали болаларда ватанга садоқат, давлат рамзларига ҳурмат ва юрт билан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз".

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқувчи сумкаларининг оғирлиги юзасидан жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалага ойдинлик киритди. Вазирлик вакили Қаҳрамон Алмардоновнинг маълум қилишича, бу ҳолатга фақат биргина омил сабаб эмас: "Ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, ўқувчилар сумкасининг оғирлиги фақат ъПрезидент совғасиъ билан боғлиқ эмас. Айрим ота-оналар болаларига катта ҳажмли сумкалар олиб беради. Натижада сумкага қўшимча буюмлар, сув идишлари ҳамда дарс жадвалига кирмайдиган дарслик ва машқ дафтарлари солинади. Бу эса сумканинг оғирлашишига сабаб бўлади. Шу боис ота-оналардан фарзандларининг сумкасига кунлик дарс жадвалига мос ўқув қуролларини жойлаштиришни назорат қилишини сўраймиз".

2026/27-ўқув йилида республикадаги 10 минг 225 та умумтаълим мактабида 550 мингдан ортиқ педагог 6,7 миллиондан зиёд ўқувчига таълим бериши кутилмоқда. Янги ўқув йилида 795 мингдан ортиқ боланинг 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. 5-август ҳолатига кўра, 680 минг нафардан ортиқ бола мактабга қабул қилинган бўлиб, бу режанинг 85 фоизини ташкил этади.