Президент «Росатом» корпорацияси бош директорини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни «Росатом» Давлат атом энергияси корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент «Росатом» корпорацияси бош директорини қабул қилди.
«Диққат марказида мамлакатимизда биринчи интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалий рўёбга чиқариш, шунингдек, илғор технологиялар ва билимлар асосида тегишли инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўлди», — дейилади хабарда.
Биринчи реактор биноси пойдеворини қуриш ва АЭСни лойиҳалаш бўйича давом этаётган ишлар мамнуният билан қайд этилгани аниқлаштирилмоқда.
Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга, шу жумладан «МИФИ» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиали базасида ва «Росатом» объектларида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, бўлажак АЭС яқинида энергия тежамкор уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт, спорт муассасалари ва бошқа қулай ижтимоий инфратузилмага эга бўлган атомчилар шаҳрини барпо этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб аниқлик киритди матбуот хизмати.

