Иқтисодиёт

Президент Қаршидаги «Насаф» бренди остида қишлоқ хўжалиги техникалари йиғадиган корхонада бўлди

Шавкат Мирзиёев Қаршидаги «ФМ Ворлд» корхонасида тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилиши билан танишди

Президент Қаршидаги «Насаф» бренди остида қишлоқ хўжалиги техникалари йиғиладиган корхонада бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги «ФМ Ворлд» корхонаси фаолияти билан танишди.

Хитойнинг 500 та йирик хусусий корхонаси қаторига кирувчи «Жиангсу Ворлд Гроуп» корпорацияси таркибидаги ушбу мажмуа тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига барпо этилган.

Қиймати 20 млн доллар бўлган лойиҳа 5 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда 12 минг квадрат метр ишлаб чиқариш бинолари қурилган ва 200 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқаришнинг айрим жараёнлари автоматлаштирилган.

Корхонада «Насаф» бренди остида беш хил русумдаги тракторлар, пахта териш машиналари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари йиғилмоқда.

Тракторлар ГПС, автопилот, ўғитлашни бошқариш ва масофадан назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланган. Бу дала ишларини аниқ бажариш, ёнилғи ва бошқа ресурслар сарфини камайтиришга хизмат қилади.

Корхонада техникаларга дала шароитида хизмат кўрсатиш, носозликларни олдиндан аниқлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича мунтазам ўқув машғулотлари ҳам ўтказилмоқда.

Ҳозирда тракторларни йиғишда маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизни ташкил этади. Корхонанинг ўзида 138 турдаги детал ва бутловчи қисм ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражасини босқичма-босқич ошириш учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий корхоналар билан кооперацияни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Корхонада йиллик экспорт ҳажмини 50 млн долларга етказиш ва маҳсулотларнинг 30 фоизини қўшни давлатларга етказиб бериш режалаштирилган.

Президент ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр техникалар билан танишди.

— Шу пайтгача қишлоқ хўжалиги техникаларини хориждан олиб келардик. Бу эса таннархга таъсир қиларди. Қашқадарёда фермерларимизнинг ишини енгиллаштирадиган замонавий техникаларнинг ўзимизда, ўзимизнинг брендимиз остида ишлаб чиқарилиши бир пайтлар орзу эди. Маҳаллийлаштириш — қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларимизнинг узвий давоми. Бундай ишларни изчил давом эттирамиз, — деди давлат раҳбари.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.