Президент Ўзбекистонга робототехника бўйича жаҳон чемпиони унвонини олиб келган жамоани мукофотлади

Ўзбекистон Президенти Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган FIRST Global Challenge 2026 халқаро турнирида ғолиб чиқиб, мамлакатга жаҳон чемпиони унвонини олиб келган робототехника бўйича миллий терма жамоа мураббийлари, иштирокчилари ва менежерларини медаллар билан тақдирлади.
Давлат раҳбарининг фармонига кўра, терма жамоа бош мураббийи Зиёдулла Бутахонов «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланди. Жамоа сардори Иброҳим Саломов, техник мураббий Абдуллоҳ Абдужабборов ва терма жамоанинг яна 11 нафар вакили «Келажак бунёдкори» медалини олди.
Мукофотланганлар рўйхатига жамоа аъзолари Шоҳруҳбек Акбаров, Акбаршоҳ Қосимов, Аюбхон Мираҳмедов, Умарбек Пардаев, Шукрулло Содиқов, Маҳкамбек Тешабаев, Жасурбек Тожиқўзиев, Баҳодир Ўрманов, Хондамир Ўрманов ва Ҳасанхон Юсупхўжаев киритилди. Шунингдек, жамоа менежери Сафина Тешабаева ҳам медаль билан тақдирланди.
Ўзбекистон терма жамоаси FIRST Global Challenge 2026 мусобақасида барча 16 та ўйинда ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлди. Жамоа 637 очко жамғарди ва учта олтин медални қўлга киритди.

