Президент лорд Анас Сарварни қабул қилди
Ўзаро манфаатли шерикликни, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

**Президент лорд Анас Сарварни қабул қилди**
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Ўзбекистон – Британия иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилишида қатнашиш учун мамлакатимизга келган Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири, лорд Анас Сарварни қабул қилди.
Суҳбат бошида лорд Сарвар давлатимиз раҳбарига Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнемнинг самимий саломи ва махсус мактубини етказди.
Томонлар ўзаро манфаатли шерикликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий йўналишда янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Сиёсий мулоқотнинг жадал ривожланаётгани, барча даражалардаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани таъкидланди. Мамлакатимизда 260 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг илк ИПОси муваффақиятли амалга оширилди. Молия соҳасида Стандард Чартеред банки, нефт-газ тармоғида эса Бритиш Петролеум компанияси фаолият олиб бормоқда.
Учта қўшма олий таълим муассасаси ташкил этилди, Кембриж университети билан ҳамкорликда Президент мактаблари ишга туширилди. Британиялик сайёҳлар сони ҳам кўпаймоқда.
Инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, молия, геология, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни илгари суриш, жумладан, буни Британия экспортни молиялаштириш агентлиги (УКЕФ) иштирокида амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Буюк Британия томони Тошкент шаҳрида «инглиз ҳуқуқи» тамойиллари асосида фаолият юритадиган Халқаро молия марказини йўлга қўйишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

