Маҳаллий

Президент Кегейлидаги интенсив боғни бориб кўрди

Оролбўйи иқлимига мос саноатлашган интенсив боғ майдонлари кенгаймоқда.

Президент Кегейлидаги интенсив боғни кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида жойлашган АДМ Агро корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажриба билан танишди.

Жаҳон амалиётида автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириб, кўп тармоқли фаолият олиб бориши кенг тарқалган.

Жиззах вилоятида автомобил ишлаб чиқараётган АДМ Гроуп компанияси ҳам айни шу ёндашув асосида фаолиятини кенгайтирмоқда. Оролбўйида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш унинг янги йўналишларидан бирига айланди.

«Айтишларича, Оролбўйининг оғир иқлимида, шўр тупроғида боғдорчилик ўзини оқламайди. 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур лойиҳа эса бу қарашларни буткул ўзгартирмоқда.

Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Энг муҳими, маҳаллий аҳоли учун 100 та муқим иш ўрни яратилди. Илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси энди ўз ҳудудида ишлаб, оиласига барака киритмоқда», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селексия қилинган 250 минг туб қора олхўри кўчати экилган. Бу нав шўр ерларга жуда чидамли ҳисобланади. У экилганидан сўнг атиги 2 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахт 50-60 килограммгача ҳосил беради. Меванинг йириклиги ва данакнинг осон ажралиши қайта ишлаш учун жуда қулай саналади.

Ердан унумли фойдаланиш ва даромадни кўпайтириш мақсадида дарахтлар орасига ҳосилдор помидор нави экилди. Экин майдонининг ҳар бир гектаридан ўртача 40-45 тонна ҳосил олиш мумкин.

Боғда қўлланилган замонавий технологиялар сув танқислиги билан боғлиқ муаммога самарали ечим берди. Майдонда ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Оддий суғоришда бир гектар ерга 12 минг литр сув кетади. Янги тизим орқали эса бу сарф бор-йўғи 5 минг литрни ташкил этмоқда. Натижада сув 60 фоизгача тежалади.

Сув тўғридан-тўғри дарахт илдизига боради ва беҳуда сарф бўлмайди. Сув билан бирга берилган минерал ўғитлар 90 фоизгача ўсимлик томонидан ўзлаштирилади. Намликнинг бир маромда сақланиши ҳосилдорликни янада оширади. Тизим тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли юзлаб гектар майдонни биргина оператор бемалол бошқара олади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.