Иқтисодиёт

Президент интенсив балиқчилик лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича тақдимот билан танишди

Мамлакатимизда интенсив усулдаги балиқчиликни кенгайтириб, йилига 1 миллион тонна балиқ етиштириш вазифаси қўйилган. Тақдимотда бу

Президент интенсив балиқчилик лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича тақдимот билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев интенсив балиқчилик лойиҳаларини тезлаштириш ҳамда энерготежамкор лимончилик иссиқхоналарини барпо этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда интенсив усулда балиқчиликни кенгайтириш ва йилига 1 миллион тонна балиқ етиштириш вазифаси белгиланган. Тақдимотда ушбу мақсадга эришиш учун мелиоратив тик қудуқлар имкониятларидан фойдаланиш режалари Балиқчи тумани мисолида кўриб чиқилди.

Тумандаги 24 та қудуқ атрофида чавоқ ва озуқа таъминотидан бошлаб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган интенсив балиқчилик мажмуаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳар бир 50 сотихлик лойиҳада йилига камида 30 тонна форел балиғини етиштириш ва 10 та иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳаларни ягона тизимда бошқариш учун балиқчилик холдингини тузиш таклиф этилди.

Балиқчи тажрибасини бошқа ҳудудларга ёйиш мақсадида 2027-йил 1-мартга қадар республикадаги 4 мингдан зиёд мелиоратив тик қудуқни хатловдан ўтказиш топширилди. Балиқ етиштиришга яроқли қудуқларни илғор тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Хонободда совуқ сув балиқларини етиштириш ва қайта ишлаш, Улуғнорда эса сув ҳавзалари негизида балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.

Тақдимотнинг иккинчи қисми Балиқчи тумани мисолида лимончиликни ривожлантиришга бағишланди. Тумандаги тўққизта маҳалла атрофидаги 100 гектар майдонда энерготежамкор иссиқхоналар қуриб, уларни тайёр ҳолатда тадбиркорларга таклиф этиш режалаштирилмоқда. Лимон етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва сотиш ишлари ягона кооперация занжирига бирлаштирилади.

Лойиҳага ишсиз ва камбағал оилаларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 та иссиқхонада маҳаллий оилалардан камида 1 минг нафар киши иш билан таъминланади. Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар оралиқ экинлар етиштириш орқали қўшимча даромад олиш мумкин бўлади.

Балиқчи тажрибаси асосида келгуси йил ҳудудларда жами 200 гектар майдонда камбағал оилалар ва ишсизлар учун энерготежамкор иссиқхона мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган. Бу икки мингта оиланинг даромадини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.