Президент икки халқаро анжуман иштирокчиларига табрик йўллади
«Биз 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспорт ва қўшилган қийматни 3 карра

Президент икки халқаро анжуман қатнащиларига табрик йўллади
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро пахта куни ҳамда Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро анжуманлар иштирокчиларига табрик йўллади.
Ушбу форумларда дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан таниқли олим ва экспертлар, тадбиркорлар, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.
Ўзбек деҳқонлари пахтачилик борасида улкан тажрибага эга. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли бу соҳа янги босқичга кўтарилди. Изланувчан олимлар томонидан ғўзанинг 300 га яқин эртапишар нави яратилди. Пахта экиш, парваришлаш ва йиғиб олиш жараёни тўлиқ механизациялаштирилди. Бугунги кунда замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига деҳқон-фермерлар гектаридан 100 сентнергача пахта ҳосили олмоқда.
Ҳозирги пайтда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби муаммолар билан бирга логистика занжиридаги узилишлар ҳам озиқ-овқат нархларининг ошишига сабаб бўлмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича 645 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Халқаро экспертлар таъкидлашича, тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, 2028 йилда бу кўрсаткич 1 миллиардга етиши мумкин.
«Инсоният келажагига таҳдид солаётган бундай хатарларни бартараф этиш кўп қиррали шериклик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юқори транспорт харажатлари ва транзит мамлакатлардаги муаммолар жиддий ғов бўлиб қолмоқда. Бундай қийинчиликлар озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатади, албатта. Шу боис, биз озиқ-овқат маҳсулотлари логистикаси ва савдосининг тўлиқ эркинлиги ҳамда озиқ-овқат етказишни тартибга солувчи қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз.
Биз 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспорт ва қўшилган қийматни 3 карра ошириш бўйича катта марра олганмиз. Бу мақсадларга эришиш учун халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз»
Марказий Осиёдан бошлаб, денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар ва транзит ҳамкорларни боғлайдиган озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторлар озиқ-овқатни қайта ишлаш, совиткичли сақлаш ва ташиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирилди.

