Президент ҳузурида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 22-сентабр куни электр энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ва ёқилғи-энергетика тармоғидаги лойиҳаларни бошқариш механизмларини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.

Президент ҳузурида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга доир режалар муҳокама қилинди
Тақдимотда қайд этилишича, 2030-йилга бориб мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган, аҳоли сони эса 41 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Саноатнинг ўзида электр энергияси истеъмоли 2030-йилгача 38 миллиард киловатт-соатдан 53,5 миллиард киловатт-соатгача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Электромобиллар ва дата-марказлар ривожи ҳам тизимга қўшимча юклама юклайди. Шу сабаб генерация қувватларини талабдан олдин ривожлантириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ҳамда етарли захира қувватларини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Режага мувофиқ, 2030-йилга бориб мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 гигаваттга етказилиб, йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035-йилда эса қувватларни 57,2 гигаваттга, йиллик генерацияни 154,7 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган.
Тақдимотда электр энергияси истеъмолининг турли ўсиш ссенарийлари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, истеъмол мўътадил ошса, 2030-йилгача генерация ва талаб ўртасида етарли мувозанат сақланади. Аммо иқтисодиёт, саноат, электр транспорт ва рақамли инфратузилма тез суръатларда ривожланса, қўшимча генерация қувватларига эҳтиёж туғилади.
Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги режалар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши, тизимда доимо етарли захира қуввати бўлиши шартлигини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, қўшимча шамол электр стансиялари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, амалга оширилаётган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Айни пайтда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган ёки узоқ вақтдан бери кечикаётган айрим лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Янги қувватларни танлашда фақат уларнинг ҳажми эмас, балки электр энергияси таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергия сақлаш тизимлари билан уйғунлиги ва умумий энергобалансга таъсири асосий мезон бўлиши белгиланди.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб боргани сари энергия сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошиб бормоқда.

