Президент айрим ҳудудларда электр бўйича базавий меъёрни 350 киловатт-соатгача оширишни маъқуллади
Декабр ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди

Президент айрим ҳудудларда электр бўйича базавий меъёрни 350 киловатт-соатгача оширишни маъқуллади
Президент Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Дунёда геосиёсий таранглик кучайиб бораётгани, энергия ресурслари ва хомашё нархлари ошаётгани, таъминот ҳамда логистика занжирларида узилишлар юз бераётгани кўплаб мамлакатларда инфлясион босимни кучайтирмоқда. Бундай вазиятда аҳоли харажатларини енгиллаштириш ва муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эга.
Тақдимотда электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга ошириш таклифи маъқулланди.
Декабр ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда оиланинг ҳар бир аъзосига қўлланиладиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш таклифи кўриб чиқилди. Натижада қўллаб-қувватлаш қамрови яна 166 минг оилага кенгаяди.
Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028-йил 1-апрелгача узайтириш таклиф қилинди. Бу чора билан бир йилда 470 минг оилани қамраб олиш назарда тутилмоқда. Шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ва энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари Ҳукуматга белгиланган ёрдам учун маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ва ёрдам ҳар бир оилага етиб бориши устидан назоратни кучайтиришни топширди.
Шунингдек, энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи корхоналар фаолиятини трансформация қилиш, бошқарув самарадорлигини ошириш, ортиқча харажатлар ва тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш бўйича ҳам қатор кўрсатмалар берилди.

